Янгиликлар
САВОЛ БЕРИНГ - ЖАВОБ БЕРАМИЗ!
✍️1-Савол: Менга давлат эҳтиёжлари учун бузиб ташланган бинога компенсация тўлови қай тартиби амалга оширилиши тўғрисида тушунча беришингизни сўрайман?
З.Носиров,
“Само Гранд Нур” МЧЖ раҳбари.
✍️Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг
38-бандида келишувни имзолаган мулкдор ушбу Низомда белгиланган тартибда ер участкасининг олиб қўйилишига ва унда жойлашган кўчмас мулк объектининг бузиб ташланишига розилик берган деб ҳисобланиши, келишув нотариал тасдиқланганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳисобга олиниши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари компенсацияни ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини кафолатлаши белгиланган.
Шунингдек, мазкур Низомнинг 43-бандида ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда, компенсация Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли марказлаштирилган жамғарма маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига берилиши қайд этилган.
Шунга кўра, агар Сизнинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкангиз ёки бузиб ташланган бино, иншоотингиз мавжуд бўлса, компенсация тўловларини ундириш масаласида шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилишингиз лозим бўлади.
✍️2-Савол: Мен ҳунармандчилик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Шу сабабли мен қайси банкка мурожаат қилишим керак?
Д.Шодиев, Янгиер шаҳар “Маърифат” МФЙ
Бобораҳим Машраб кўчаси 16-уй 9-хонадон яшовчи фуқаро
✍️Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги ПҚ-4498-сон “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2020 йил 1 январдан бошлаб дастурлар доирасидаги лойиҳаларни кредитлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича устувор равишда АТ Халқ банки, «Микрокредитбанк» АТБ ва «Агробанк» АТБ орқали амалга оширилади.
Шу сабабли Сизга АТ Халқ банки Янгиер филиалига мурожаат қилишингиз мумкинлиги тушунтирилади.
М.Туракулов,
Янгиер шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси