Янгиликлар
АЛБАТТА “БЕЙ ПО КАРМАНУ” БЎЛИШИ ШАРТМИ?
"Зўр ТВ” телеканалини унчалик ҳам кўп кўравермайман. Баъзан адашиб кўриб қолсам, ижтимоий тармоқларда эътироз ёзган вақтларим кўп бўлган. Аммо, Ўзбекистон халқ артисти Раъно Зокирова муаллифлик қилаётган “Мени кечир” кўрсатувининг 12 апрель сони менда чуқур таассурот қолдирди. Хонанда Анвар Собировнинг ўқувчисининг уйига кечирим сўраб боргани, ҳатто хафа қилганини эслаб, кўзидан чиққан ёш ҳам эмас, менга жуда таъсир қилгани, бир оёғи йўқ бўлса-да, фарзандини оталилардан кам қилмай ўстираётган, тарбиясини тўғри берган, тўғри йўлга солиб, келажагига пойдевор қўйишга бош-қош бўлган мунис-муштипар онанинг сўзлари қаттиқ таъсир қилди.
Боласининг одоби ҳам кўрсатувда билиниб турибди. Уй она ногирон бўлса-да, озода, саришта. Суҳбат асносида она фарзандининг келажаги учун тиним билмай меҳнат қилиши (!) ҳақида гапирди. Бир оёғи ампутация қилинган аёл аввало она эканлигини яна бир бор исботлади.
Опанинг ҳаёт тарзи етказиб берилаётган ижтимоий кўмакдан кўнгли тўлмай, ижтимоий тармоқларда “дардини дастурхон” қилаётган баъзи фуқаролар учун ибратдир. Бу-биринчидан. Иккинчидан, ҳаммаям унақа ношукрмас. Эшигини тақиллатиб келган одамни узундан узоқ дуо қилиб, ўтирганлар ҳам кўп, албатта.
Буни ижтимоий тармоқларда тинимсиз 1 апрелгача бўлган даврда чоп этилган сурат ва ҳисоботлардан кўриш мумкин.
1 апрелдан бошлаб, Республика махсус Комиссияси қарорига кўра, якка тартибдаги хайрия акциялари давомида COVID-19 вирусининг янада кенг тарқалиш хавфи жуда юқори леб топилиб, мазкур жараёнда якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатилди.
Шу кундан бошлаб, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга кўмак –озиқ-овқат маҳсулотлари марказлаштирилган ҳолда тарқатиш йўлга қўйилди. Бу борадаги ҳисоботларни ҳам телеграм каналидаги турли гуруҳлар орқали кўриб, танишиб боряпмиз.
Чунки, айнан шу кундан бошлаб 1 апрелдан “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилди.
Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилди. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилди.
Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этиляпти.
Аммо, баъзи юртдошларимиз ҳали кўзга кўринмас хавфни ҳали-ҳамон ҳис этмадилар.
Баъзи фуқаролар вилоят марказларида “ўзини яккалаш” (“самоизоляция”) ҳаёт тарзи жорий этилганида бу фақат қариялар учун, деб ҳисоблаб, тартиб-қоидага менсимасдан қарашни давом эттиришмоқда Аслида, жорий йилнинг 6 апрелидан бошлаб, “ўзини яккалаш” ёшу қари – ҳамма учун мажбурий ҳисобланади ва унинг ҳам ўзига яраша мезонлари мавжуд. Яъни “ўзини яккалаш” деганда фақат уйда қолишгина тушунилмайди.
Дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиққанингизда бошқа шахслар билан оралиқдаги 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш ҳам “ўзини яккалаш” карантин чекловларига киради.
Касаллик юқтириш кундан кунга кучайиб бораётган бир пайтда арзимаган 2 кило картошка, ёки бошқа нарсани деб, дўконлар олдида “ғуж” бўлиб турган юртдошларимизни кўриб бир нарса дейишга тил ожиз. Кўчада патруль хизмати автомашинаси орқали “оралиқ масофани тутинг” дея қилинаётган эълонга ҳам қулоқ осмайди баъзилар.
Ҳолбуки, “Ўзини яккалаш” бўйича ўрнатилган карантин чекловларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади ва бунинг учун фуқароларга 4 млн 460 минг сўмадан 6 млн 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шундай экан, биринчи галда саломатлигингиз ва оилангиз саломатлигини, иккинчи галда билиб-билмай ҳуқуқбузарлик содир этиб, шу оғир паллада оила бюджетига келтиришингиз мумкин бўлган зарарни ўйласангиз, карантин қоидаларига риоя қилинг.
Уйда қолинг!
Элдор Маҳкамов,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари