Янгиликлар
“ ТАНАСИ БОШҚА ДАРД БИЛМАС” МИ?
Дам олиш кунларини болаларим жуда яхши кўришади. Чунки, аяжонлари шу куни уйда. Бугун ҳам, эрта туриб, барча ишларимни бажардим-да, ўғлимга «қани, онлайн дарсларни қараяпсизларми, нечта топшириқ юбординг ўқитувчингга, кўрсат-чи», дедим. Ўғлим телеграмимга муаллимига юборган топшириқларини ташлаб берди. Адабиётдан “ Уфқ” романидан парча ўқиш ва мазмунини гапириб бериш экан. Юборган аудиоёзувини эшитиб, эътироз билдирдим.
-Нега умуман ҳис-ҳаяжон йўқ? Китобдан ўқиб бердингми?
-Йўқ, аяжон, ўзим ёддан айтдим, синглим гувоҳ...,-деди ўғлим ўзини оқлаб.
- Китобингни олиб кел… бошқатдан ўқиймиз…
Ўғлим норозилигини билдириб, китобни олиб келди ва ўқиб бошлади. Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи энг севимли асарларимдан бири бўлган, шу асарни биринчи маротаба ўқиганимда 7 синфда ўқир эдим. Опаларимдан яшириб, ўқиб чиққанман. Кейинчалик ҳам қайта-қайта ўқиганман. Ўғлим ўқиётган парча – Жаннат холанинг қочоқ ўғли Турсунбойга овқат олиб боргани, Турсунбойнинг касал бўлиб қолиши, онаизор касал ҳолига қарамасдан ўғлининг ёнига боришга отлангани…Жаннат холанинг ўлими…Ҳар гал шу жойида аччиқ-аччиқ йиғлар эдим. Ўғлим ҳиссизгина ўқиганини кўриб, аччиқландим. Тугатиши билан, "яна ўқи" дедим. У норози бўлиб қаради-да, яна ўқиб бошлади. “ Ифодали ўқи” дея тўғирладим мен. Болам ютиниб қўйиб, ўқиб бошлади. Секин қарадим. Таъсир қилмади. Тугатиши билан, “бўлмади, яна ўқи” дедим. У бошини қийшатириб, бирпас турди-да яна ўқишни бошлади.
Хамир қоришдан тўхтаб, аста, “ҳа, нима бўлди?” дея юзландим. Ўғлим қотиб ўтирар, кўзларида ёш бор эди.
-Ая, ғалати бўлиб кетяпман, ўқий олмаяпман, ҳозир келаман, - деди-да ваннахонага кириб кетди. Асар боламнинг юрагига учинчи маротаба ўқиганида етиб борди, демак, болам она ва бола фожеасини қалбан ҳис қилди…
Нега бу воқеани ёздим? Чунки, бугунги дунё бўйлаб, коронавирус билан кетаётган жанг ҳам асли шундай фожеадир. Кўзга кўринмас душман одамизодга қирғин келтиряпти, фақат душманга қарши танклар ва артиллерия билан эмас, шифокорлар дори-дармонлар билан жанг қилишяпти.
Жанг майдонида ҳалок бўлганлар бор, уларнинг тобутини яқинлари кўтармаяпти. Сўнгги видолашувдан маҳрум кетишмоқда. Жаннат холага ўхшаган оналар қанчаси коронавирус туфайли азоб чекаётган болаларини деб қалблари вайрон. Вафот этганларнинг суратига тикилиб, куйиб ўтирганлар қанча?
Эй уйда ўтирган азизларим, ҳар куни эрталаб ишга кетаётиб, Аллоҳдан "эсон-омон қайтиб келай, болаларимнинг бахтига” деб чиқишнинг ўзи бўладими? Ҳовлида сарғайиб турган, кредитлар эвазига бир амаллаб олган машинангнинг ёнидан ўтаётиб, “шу темир отгаям омон-эсон миниш насиб қилсин-да” дея ичингдан қиринди ўтади. Ёронлар билан телефон орқали сўзлашганда “Яратганнинг ёруғ кунларига тўрт кўз тугал етиб олайлик-да” деб хайрлашадиган бўлдик.
Бу камми?
Куни кеча телевизор орқали «Дамас» автомашинасида одам ташишга уринган ҳамюртимизни кўрсатишди. Машинаси жарима майдончасига қўйилди, ўзи жаримага тортилди. Хўш, айтингчи, эртага шу одамлардан касал юқтирса топадиган 50-100 минг сўм пули урвоқ ҳам бўлмайди-ку?
Наҳотки шунчалар сабрсиз бўлиб кетдик?
Ижтимоий тармоқларни қарасангиз, бўлар-бўлмас видеони тасвирга олиб, «ички ишлар, Миллий гвардия ходими зўравонлик қиляпти, юришга қўймаяпти, велосипед минишга қўймаяпти, ва ҳ.» ларга тўлиб кетган.
Мен зўравонликка қаршиман, аммо, қонунчиликка бўйсунмаган фуқаро ўзига нисбатан куч ишлатишга мажбур қилса-чи?
Кейинги пайтда энг кўп берилаётган савол - жорий этилган чекловчи тадбирлар фуқароларимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва халқаро конвенцияларда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаяптими?
Биринчи навбатда, шуни қайд этиш керакки, жорий этилган чекловлар Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, жумладан, айнан “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунига тўла мос бўлиб, пировард натижада ҳар бир фуқаронинг ажралмас ҳуқуқи бўлган – яшаш ҳуқуқини (Конституциянинг 24-моддаси) таъминлашга йўналтирилган.
Аҳоли ва автотранспорт ҳаракатига нисбатан ўрнатилган вақтинчалик чекловларга келадиган бўлсак, ушбу чекловлар, юқорида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини санитар муҳофаза қилиш доирасида жорий этилди. (“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддаси).
Бундан ташқари, шуни таъкидлаш керакки, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 12-моддасига мувофиқ, муайян давлат ҳудудида қонуний бўлиб турган ҳар ким ушбу давлат ҳудуди чегарасида ҳаракатланиши ва яшаш жойини танлашга ҳақли.
Шу билан бирга, юқорида санаб ўтилган ҳуқуқлар бирор бир чекловлар объекти бўла олмайди. Давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳолининг саломатлиги ёки ахлоқини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган қонунда кўзда тутилган чекловлар бундан мустасно бўлиб, улар ушбу Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқларга мос келади.
Шундай экан, вақтинча қўйилган чекловларни эл, қолаверса, ўз саломатлигимизни асраш йўлида қўйилган чекловлар эканини тушунишимиз лозим.
Зебо Ҳайдарова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи