Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Миллат шаънига урилган ханжарнинг жароҳати битмайди


Бир қўшним бор эди. Лицейда ўқитувчилик қиларди. Болалари кўп, уйи кичкина-ю лекин жуда озода. Ҳовлиси икки сотихгина. Аммо, болаларнинг бирор маротаба уришганини ёки овозини кўтариб шанғиллаб гаплашганини эшитмаганман.

“Эрталабдан кечгача ишда бўлганим сабабли эшитмасам керакда”, десам, дам олиш, уйда бўлган кунларим ҳам на болаларни ва ота-онасининг товуши чиқмасди.

Уйдагилардан: “Қўшнимиз яхши ўтирибдими?” деб сўрадим. “Яхши, эрталаб сут олаётганда кўргандим, нима эди?” деб жавоб қилди турмуш ўртоғим. Болалари ҳақида сўрагандим, “Улар доимо дарс қилиш билан банд, тил ўрганишаяпти” деган жавобни олдим.

Дам олиш кунларини бирида, “Бир сўраб қўяй”, дея қўшнини дарвозасини тақиллатдим. Эшикни қизи очиб, салом берди-да, 2 сотихлик томорқасида куймаланиб юрган дадасини олдига бориб, эшитилмас товушда нимадир деб, мен томон ишора қилди.

– Бемалол келаверинг, қўшни, – дея қўшним мен томон пешвоз чиқди.

Томорқа бўйлаб юрар эканман, бир парчагина ерда турли кўкатлардан тортиб, булғор гаримдорисию, қалампиргача, помидор, картошка, бодиринг, хуллас, рўзғорга керакли ҳамма маҳсулот барқ уриб яшнаб турибди.

– Э-э, келинг-келинг, қани бу ёққа ўтингчи, дея, шундоқ ўрик тагида турган столни кўрсатди. Бир чети қайириб қўйилган, оҳори кетган-у топ-тоза дастурхонни очди. Дастурхонда иккита нон, бир чойнак чой ва иккита пиёла. Чойхўрлик қилиб, суҳбатлашиб ўтириб, унинг меҳнатда қотган чайир қўлларига, озғин юзларига назар солдим.

– Қийналмаяпсизми, қўшни? – сўрадим ундан.

– Аллоҳга шукр, ризқимизни етказиб турибди, – дея жавоб берди у кулиб. – Қора қозон қайнаб турибди, болалар ўқияпти, ишга бориб-келиб турибмиз.

Ишонасизми, бир соатча суҳбатлашиб ўтирган бўлсак, қўшним бирор маротаба ҳаётидан нолимади, ҳар жавобида Худога шукур, жумласи билан жавоб берарди. Болалари ҳақида сўраганимда, камтарлик билан “Худога шукур, китоб бор экан, шу китоблар билан овора” дея оддийгина жавоб қилиб қўя қолди.

Орадан бир-неча йиллар, бир-бирини қувиб ўтиб кетди. Бугун ўша қўшнимнинг фарзандлари давлат ишларида, катта-катта даргоҳларда ишламоқда. Эшитишимча, катта қизи чет элда магитсратурани битириб қайтган, ҳозир олийгоҳда хорижий тиллардан талабаларга сабоқ бераётган ёш, иқтидорли келажаги порлоқ ўқитувчилардан экан.

Энди мулоҳаза қилсам, қўшним ўз мақсади йўлида сабр билан бор имкониятларини ишга солган экан. Мақсади эса баъзиларга ўхшаб, топганини еб-ичиш, қимматбаҳо кийим-кечакларга бурканиб юриш эмас, балки, камбағаллик даражасига тушиб қолмай, фарзандларимни илмли, ҳунарли қилай, деган улуғворроқ бўлган экан.

Ўша қўшним, олган ойлик маошининг бир қисмини турли тўловларга сарфласа, асосий қисмига китоб кўтариб келарди. Бўш вақти бўлдими, 2 таноб ерига сарфлаган меҳнатию пешона тери эвазига рўзғор тебратарди. Болаларига берган тарбияси, илму ҳунари орқасидан бугун турмуши ўртаҳолроқ бойдан яхшироқ.

Улуғ мутафаккир бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ҳазратлари, “Одамий эрмасанг, демагил одамий, онингким йўқ, халқ ғамидин ғами” деб бежизга айтмаган экан. Ўша қўшним ўз оила аъзолари, фарзандлари йўлида ҳалол меҳнат қилди. Бугун эса унинг мукофотини олмоқда.

Бугун ҳар уйга кириб борган интернет аталмиш, аллақачон дунё тўрини эгаллаб олган тармоқлар, инстаграм, телеграм, фейсбук ва ҳоказо каналлар орқали – еган-ичганини, кийганини, ким ўзарга қилган тўю маракасини, ҳатто, минг тавба, ўзбек минталитетига мутлақо тўғри келмайдиган, танасини кўз-кўз қилаётган имонсиз (миллатдошларимиз дейишга ҳам тилинг бормайдиган кимса)лар қанча? Берганига сабр қилмай, “фалон” миллион сўмлик айфони орқали, кўчадаги тиланчиларданда ўзини ночор кўрсатиб, дардини достон қилаётган пасткашлар-чи?

Кейинги пайтда доно халқимизнинг “Борига шукур қил, йўғига сабр қил” деган мақоли юртдошларимизнинг ёдидан чиққандек назаримда. Коронавирус туфайли юртимизда эълон қилинган карантин шароитида аслида “кимнинг кимлиги” билиниб қоляпти.

Шу ўринда, айтиш жоиз бўлса, давлатимиз иқтисодиётига, росмана эҳтиёжманд юртдошларимизга кўмак бериш учун деярли барча тизим ходимлари ўз ҳиссаларини қўшаётир. Шулар қаторида бизнинг бошқармамиз ва тизимдаги шаҳар, туман бўлимлари ходимлари ҳам ўз хоҳиш-иродалари билан март ойининг икки кунлик ойлик иш ҳақини иккита фондга ажратиш ҳақидаги қарорларини менга айтишганда, кўнглим тоғдек кўтарилди.

Бу йиғилаётган маблағлар “Меҳр-шафқат ва саломатлик” фонди орқали ёки тўғридан-тўғри карантин шароитида қийналиб қолган ватандошларимизга кўмак кўрсатиш учун сарфланаётгани савоб ажримларидандир.

Шу кунларда “#Қўшнингиздан хабар олинг!” челленджида иштирок этаётганлар сафи тобора кенгайиб бораётгани, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат нақадар кучайиб бораётганидан далолатдир.

Аммо ижтимоий тармоқларда “мол ҳам ичмайдиган ёғ беришди” дея қаттиқ-қаттиқ гапираётган “акамизни” кўриб, борига шукур қилиб, йўғига сабр қилган, ўша қўшним ёдимга тушди.

Юқорида тўхталган қўшнимникига ўша куни, “Ўзи ҳам, аёли ҳам, болалари ҳам анча одми кийинади, балки дастурхонлари ҳам ҳамин қадардир” деган ўй билан, “Озроқ бўлсада ёрдам бўлар”, деган ўйда, унга пул олиб чиққан эдим. Аммо, қўшним, “Аллоҳ берардан қисмасин, бунақа қилманг” дея, мени ҳаракатимдан ранжиган эди.

Бизнинг қўштирноқ ичидаги “қаҳрамонимиз” эса, у кишига қилинган эҳсонни озлигидан шикоят қилиб, бутун жаҳонга интернет тармоғи орқали овоза қилди. Эҳтимол, “Шундай қилсам, менга ҳар ёқдан “садақа” ёғилиб келади”, деб ўйлагандир-да?

Бу каби мурожаатни пасткашлик, деб тушинган авлод бундай кимсалардан нафратланса, бу ҳатти ҳаракатни “адолат”ни айтаяпти, деб тушунган илимсизлар кўриб, қалбида давлат ва жамиятга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлмайдими?

Халқимизда, қилмагайсан, топмагайсан, деган нақл бор. “Акахонимиз” бу ҳатти ҳаракатларини “мукофоти”ни эртага кексайганларида қайтишини ўйламаганмикан?

Бугун мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича барча чора-тадбирлар қўлланилаяпти.

Жумладан, жорий йилнинг 3 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисида”ги фармони асосида жорий йилнинг март-июнь ойларида бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўланиши нафақа пуллари муддати тугаган тақдирда, янги муддат давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатлар талаб қилинмаган ҳолда 6 ой (бироқ бола тегишлича 2 ёшга ва 14 ёшга тўлгунидан кўп бўлмаган муддатда)га танаффуссиз давом эттирилиши назарда тутилди.

Шунингдек, ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлашни узайтириш билан боғлиқ харажатлар Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилди.

Бу сайъи ҳаракатларнинг барчаси аҳолининг кам таъминланган қисмининг қўллаб-қувватланаётганидан далолат бермайдими? Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрлик эмасми? Маҳалламиз қолиб, бутун жаҳонга камбағаллигини “кўз-кўз” қилиб жар солишни қаёқдан, кимдан ўргандик? Ўз юртида улкан ёнғин бўлиб турган бир вақтда, уни ўчириш ўрнига сизнинг тўрт боғ жамғарган пичанингизни ўша давлатдаги “олий жаноб” кимсалар келиб ўчирармикан?

Шу ўринда, ўша сиз орзу қилган ривожланган давлатларда, 2 таноб ери, бошпанаси борларгина бой ҳисобланишини биласизми? Ҳатто, энг ривожланган, демократик давлат саналмиш – Буюк Британияда 90 фоиз аҳоли бир умр ижарада яшашини, ишсиз қолган куни камбағал эмас, қашшоққа айланишини билмайсиз шекилли?

Мамлакатимизда кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли босқичма-босқич арзон уйлар билан таъминланмоқда. Уй-жой бўлиб, ҳайҳотдек томорқага эга бўлиб, “камбағалман” деб кишининг қўлига қараб ўтириш ўзбекман деганга, бизнинг йигитларимизга ярашмайди. Халқимизнинг, уят ўлимдан ёмон, деган мақолини эшитмаган кўринасиз?!.

Тўғри, “Ётиб еганга, тоғ ҳам чидамайди”, лекин қадим-қадимдан қолиб келаётган “Бир майизни қирқ киши бўлиб еган” деган ва “Сўнги бурда нонини иккинчи жаҳон уруши йилларидан эвакуация қилинганлар билан бўлишиб еган” ЎЗБЕК ХАЛҚИ экинимизни сиз билмасангиз ҳам, ўша даврнинг рус, белорус, украин миллатига мансуб кишилар ўша йилларни ҳам, ўзбекларни ҳам ҳамон жуда яхши эслашади. Бу тарифни халқимиз, борига шукр қилиб, йўғида сабр қилгани учун олганини ҳам унутманг.

Балки фикрларимга қўшилмассиз. “Давлат ишида ишлаб юрганлар, биздекларни ҳеч қачон тушинмайди”, деб ҳам ўйлаётгандирсиз. Аммо, унутманг, ҳеч ким онасини қорнидан раҳбар, тадбиркор, ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб туғилмайди. Шу амалларни қилаётганлар бир юмалаб шу даражага эришиб ҳам қолмаган. Унинг ортида тинмасиз ўқиш, изланиш ва машаққатли меҳнат ётганини билиб қўйсангиз яхши бўларди.

Унутманг, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан фуқароларимизнинг саломатлигини асраш, эҳтиёжмандларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, зарур чора-тадбирлар барчаси ана шу халқ учун!

Коронавирус деган офатдан насиб қилса, яқин кунларда қутиламиз, бунга ишонаман. Эртага сабр-бардошли, яъни борига шукур қилиб, йўғида сабр қилувчи халқимиз, бу кунларни, бу дардни ҳам унутиш мумкин. Аммо, сиздеклар томонидан миллат шаънига урилган ханжарнинг жароҳати битмайди, ана шу гапим ёдингиздан чиқмасин!

Жамшидхон НУРИТДИНОВ,
Сирдарё вилоят адлия
бошқармаси бошлиғи