Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

Келажакнинг юзига қандай қараймиз?


Киши ёши улғайгани сари дунёни ўзгача нигоҳ билан кузатишга интилади. Бу биринчидан, ёшнинг улғайиши билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, тажриба ва кузатмаларнинг теранлашиб боришидан далолат бўлса керак.

Эътибор берганмисиз, кўча-кўйда дунёнинг ғам-ташвишларидан холи бўлиб, фақат ўйин билан банд бўлган, атрофидаги ҳар қандай жиддий ҳолатларни ҳам у қадар эътибор билан кузатмаётган ўсмирларни.

Уларга ғам-ташвишлар бегона. Лекин ана шу болалар ҳам, кексалар ҳам, ҳаттоки бутун миллатнинг ҳаёти бугун хавф остида. Мана шуларни ўйлаганда, халқимиз бошига тушган бу таҳликага умуман беэътибор, аксинча, тирикчилик ташвишидан ташқари бу вазиятдан унумли фойдаланиб қолишга уринаётган инсонларни кўриб ҳайратинг ошади. Арзимаган хизмати эвазига отнинг калласидай нарх сўраётган такси ҳайдовчиси, рўзғорга доимий зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ўзи хоҳлаган тарзда ошириб сотаётган савдо ходимлари шулар жумласидандир.

Президентимиз халқимизга қилган мурожаатларида бирдамликка, аҳилликка бежиз чорлаган эмас. Зотан, бугунги синов кунларида бирдамликнинг аҳамияти жуда катта. Айниқса, бу балонинг ҳар дақиқада фарзандларимиз – миллат ворисларининг ҳаётига хавф солиб турган бир паллада юқоридаги каби нопок кимсаларнинг қилмишлари унутилармикан?

Куни кеча фарзандим: “Дадажон, коронавируснинг расмини чиздим”, деб қолди. Қани кўрайчи, қандай чизибсан, деб суратни томоша қилдим. Унда коронавирус даҳшатли дев шаклида чизилган бўлиб, ўзимизнинг Туронботир унга қилич уриб тургани тасвирланган эди. Томоғимга бир нима тиқилгандай бўлди.

Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан бежизга Алпомиш, Туронботир, Гўрўғли сингари афсоний ботирлар ҳақида ривоятлар тўқимаган. Бу қаҳрамонларнинг қилган ишлари замирида халқнинг оғир, кулфатли кунларида корига ярайдиган кишилар тимсоли мужассам.

Бугун бизга шу каби Алпомишлар, Туронботирлар зарур. Бу ҳамма – сиз, мен, ҳар бир фуқаро бўлиши мумкин. Зотан халқнинг ўзи қаҳрамон. Шоиримиз айтганидек, “Халқ – денгиздир, халқ – тўлқиндир, халқ – кучдир”. Шу маънода мен сиз азиз ватандошларимни қаҳрамонликка, маънавий жасоратга чорламоқчиман.

Кўча-кўйда мақсадсиз кезиб юрган, уйда маънили бир ишнинг пайида бўлмаган инсон – халқнинг душманидир. Президентимиз бежизга “Карантин қоидаларини бузган инсоннинг қилмиши халққа, ватанга, энг ёмони ўз оиласи ва яқинларига хиёнатдир”, деб таъкидламади. Шуни унутмайликки, бизнинг ҳар бир яхши амалимиз, биринчи галда ўзимиз ва бизнинг яқинларимизга бўлади.

                                                                            Жаҳонгир Шомирзаев,
Боёвут тумани адлия бўлими бошлиғи