Янгиликлар
Фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқлари таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзининг жорий йилги Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжудлигини, бунинг ечими эса – ички миграцияни эркинлаштиришдан иборат эканлигини таъкидлаб, парламент ва ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозимлини айтиб ўтган эди. Шунингдек, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 2020 йил 2 мартдаги ПФ–5953-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Аммо ушбу қарор лойиҳасига билдирилган фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда лойиҳа қайта кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 4 апрель куни прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Хўш, ушбу қарор лойиҳасининг афзалликлари нималардан иборат?
Эндиликда, “прописка” тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда. Ҳозирги глобаллашув даврида ички миграцияни чекловчи таъқиқларнинг бекор бўлиши ўз ижобий самарасини кўрсатади.
Шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда бирламчи бозордан уй олишда давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш талаби бекор қилинмоқда, амалдаги тартибга асосан ушбу ҳудудларда иккиламчи бозордан кўчмас мулк олишда прописка талаб қилинади, бирламчи бозордан уй сотиб шартнома суммасининг 5 % миқдорда давлат божи тўланиши белгиланган.
Бундан ташқари, доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланмоқда ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳаларда қатор бошқа ижобий масалалар ҳам ўз аксини топган. Пировард натижада, ушбу лойиҳалар ҳар бир фуқаронинг эркин кўчиб юриш ва хусусий мулк соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда, вақтинча турган жойи ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан туриш ўртасидаги фарқни олиб ташлашда, идоралар ўртасидаги оворагарчиликларга барҳам беришда ва ҳужжатлар билан ишлашнинг электрон тизимига ўтишга олиб келади.
Камолиддин Эрназаров,
Сирдарё туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси