Янгиликлар
МАСЪУЛИЯТНИ ҚАЧОН ҲИС ҚИЛАМИЗ?
«Worldometers» сайти маълумотларининг таҳлили COVID-19 пандемиясининг тарқалиш суратлари жуда юқори эканлигини кўрсатади. Пандемиянинг юқори тарқалиш даражаси ҳақида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш “уч ой ичида касалланганлар сони 100 мингга етганди. Яна 12 кун ичида улар сони яна 100 мингга ошди. Учинчи марта улар сони 100 мингга бор-йўғи 4 кунда кўпайди. Ва, ниҳоят, тўртинчи марта 1,5 кун ичида” деб таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда барча давлатлар ушбу пандемиянинг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирларни кўриб бормоқда. Шу билан биргаликда айтиш жоизки, ушбу пандемиянинг оқибатлари ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Жумладан, мамлакатнинг иқтисодиётига таъсир ўтказиши шубҳасиз. Ушбу вазиятда иқтисодиёт ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим омил ҳисобланади.
Давлатимиз томонидан коронавирус пандемияси вақтида иқтисодиётни ва тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида 3-апрель 2020 йилда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони имзоланиб, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёз ва енгилликлар белгиланди.
-Тўғриси, янги фаолият бошлаган тадбиркорман, банкдан кредит олиб чойхона қурган ва иш бошлаганимга уч ой бўлган эди, ишим тўхтаб қолди. Бир томондан кредит тўлови, иккинчи томондан ижтимоий тўлов ва солиқлар...Бахтимизга давлатимиз раҳбари аҳволимизни тушуниб, Фармонида бир қатор енгилликлар берибди. Ташвишда қолган эдим, енгил тортдим, - дейди туман адлия бўлимига Фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш сўраб, телефон орқали мурожаат қилган тадбиркор Ш.Ғуломов.
Ушбу фармон нафақат иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар учун имтиёзлар белгилайди, балки аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади.
Жумладан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмайди. Улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади. Ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилади.
Шунингдек, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.
Карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланади.
Ушбу қийин вазиятда давлатимиз томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бериши ҳар биримизга боғлиқ эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Коронавирус пандемиясини енгишда карантин қоидаларига интизом билан амал қилиш ва гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзини юритиш муҳим омиллар ҳисобланмоқда.
Шу ўринда, куни кеча "Facebook" ижтимоий тармоғидаги гуруҳлардан бирида бир блогер куюниб ёзди: Халқимиз коронавирус хавфини тушуниши учун нима қилишимиз керак? Шифокорларимиз коронавирусдан соғайиб, гуллар билан кузатаётган фуқароларни эмас, балки сунъий нафас олиш аппаратига уланган, ўлим билан олишиб ётган беморларни, юзларини ёпган ҳолатда кўрсатиш керакмиди? Карантинни тушунишмаяпти баъзи ҳамюртларимиз!
Ҳа, азизлар, ҳар биримиздан талаб этилаётган гигиена қоидалари ва чеклов чораларига сабр-тоқат ва бирдамлик билан ёндашув бу касалликни тезроқ енгиб ўтишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Ўзингиз ва ўзгалар саломатлигига лоқайд бўлманг, уйда қолинг!
Содиқжон Ҳамроев,
Сирдарё туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси