Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

КЕКСАЛАР ҲАМИША ЭЪЗОЗИМИЗДА


Маълумки, ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт йўллари ҳар доим ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб келган. Уларнинг дуолари навқирон авлодга куч-қувват, ғайрат шижоат бағишлайди. 

Ёши улуғларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятимизнинг ўзига хос юксак маънавияти ва маданияти белгисидир.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан халқимизнинг қадимий ва навқирон байрами Наврўз арафасида уруш фахрийлари, юз билан юзлашган ҳамюртларимиз ҳамда адлия соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик даврини сураётган меҳнат фахрийларининг хонадонларига ташриф буюрилиб, байрам совғалари улашилди.

Дастлабки манзил Боёвут тумани Ҳосилобод маҳалласининг Чирой кўчасида истиқомат қилувчи Ўскан ота Ходжимоновнинг хонадони бўлди.

Ўскан ота Ходжимонов - Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Меҳмонларни кўриб, кўкси тўла орден-медаль безаган костюмини кийиб олди. Шундоққина эшикнинг олдида ўтириб, узоқ дуо қилди, самимий суҳбат қурилди.

Ўскан отанинг хонадонидан кейинги манзил туманнинг Олмазор маҳалласида яшовчи, муборак 103 ёшни қоралаган-у, аммо тетиккина Норжон момо Амонова яшаётган хонадон бўлди.

  • Шу ёшга киргазган Аллоҳга минг шукр, -дейди Норжон момо. - Невара-чевара-бегонасини ҳам кўрдим. Не кунларни кўрдик, уруш пайтида далада меҳнат қилдик, ноннинг увоғига зор бўлган кунларимиз бўлди. Энди шу фаровон кунларга етказганига шукр.

Меҳнат фахрийси Равшаной Раззоқова кўп йиллар Ширин шаҳар давлат нотариал идорасида нотариус бўлиб ишлаган, бугунги кунда нафақада. Меҳмонларни кўриб, юзи табассумдан ёришган Равшаной опа бундай эътибордан жуда хурсанд бўлди.
Яна бир меҳнат фахрийси Мастура Эминовани бу вилоятда, айниқса, Гулистон шаҳрида ҳамма танийди. Бир умр адлия тизимида, нотариус бўлиб вазифасида ишлаб нафақага чиққан Мастура опа ҳозирда адвокат, юртдошларимизга ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда.

-Аллоҳга шукр, адлия тизимига умримни бағишлаганимдан хурсандман, бир умр одамлар хизматида бўлдим. Ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлдим. Бугунги кунда ишимни ўғлим ва қизим давом эттиришяпти. Маълум ёшга етганда киши кўнгли нозик, эътибор талаб бўлиб қолар экан, ҳозир ҳам гул кўтариб кириб келган адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сафарбой Тоғаевни кўриб, бошим осмонга етди. Минг раҳмат йўқлаб келганингиз учун, - дея хурсандчилигини изҳор этди Мастура опа.

  • Кексалар ҳамиша адлия эътиборида, уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳолидан хабар олиш, айниқса, уларнинг дуосини олиш ниҳоятда савоб иш, бундай йўқловлар вилоятимиз ҳудудларида давом этади, - дейди С.Тоғаев.