Янгиликлар
БИР МУРОЖААТ ИЗИДАН...
Мирзаободлик Барот бобо Чиниқулов бир умр қишлоқ мактабида, тумандаги Турғун Аҳмедов номли маҳаллада жойлашган 26-нчи мактабда она тили-адабиётидан эл фарзандларига сабоқ бериб келди.
Ҳозирги кунда бобо 78 ёшда, аммо, бундан бир неча йил олдин бобонинг кўзлари ёруғ дунёни кўришдан мосуво бўлди. Бобо “Аллоҳнинг синови” дея бунга ҳам кўникди. Қолаверса, кампири, фарзандлари отага таянч бўлдилар. Ота кенжа ўғли Толибжон Чиниқуловнинг оиласи билан бир хонадонда яшайди. Толибжон барака топсин, онаси икковимизнинг иссиқ-совуғимиз шунинг бўйнида, катта акаси ҳам қарашиб туради албатта, дея алқайди бобо ўғилларини.
Аммо, шу йил март ойининг бошида бобони яна бир фалокат кутиб турган экан. Бобо инсульт касаллигини бошидан ўтказди. Кўзи кўрмаса-да ўзи юриб турган бобо тўшакка михланиб қолди.
-Аллоҳнинг синови бу ҳам, - дейди бобонинг ўзи. Катта ўғил - Набижон ҳам жўжабирдек жон. Набижон ака юролмай қолган отасига бир жони ачишса, отасини кўтариб олиб кириб, олиб чиқиб юрган укасига яна жони ачишади.
-Ўйлаб-ўйлаб туман адлия бўлимига мурожаат қилдим, - дейди Набижон Чиниқулов. – Отамга ногиронлик аравачаси олиб беришда амалий кўмак сўрадим. Буни қарангки,бир кун олдин қилган мурожаатим кейинги куни ҳал бўлди.
Фуқародан мурожаат қабул қилган Мирзаобод туман адлия бўлими бошлиғи Ҳамид Аҳмедов дарҳол туман тиббиёт бирлашмаси билан боғланди. Ногиронлик аравачаси топилди. Бугун шу аравачани отахон ётган палатага олиб борилиб, тақдим этилди.
Отахон кўзлари кўрмаса-да меҳр тўла қалбидан чиққан самимий тилаклар билан узоқ дуо қилди.
Палатада бемор отасига қараб ўтирган Толибжон билан ҳам суҳбат қилдик.
Толибжон Тошкент радиотелеаппаратураларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш коллежини тамомлагани, аммо, уч-тўрт йилдирки, отасига қараётгани, ишлаш учун имконияти йўқлигини айтди.
Шу ернинг ўзида туман адлия бўлими бошлиғи Ҳамид Аҳмедов унинг мурожаатини қабул қилди ва туман пенсия жамғармаси билан боғланди. Демак, бу мурожаат ҳам яқин кунларда ҳал бўлади.