Янгиликлар
Мониторинг натижасида иш ҳақи ундирилди
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан 2020 йил январь ойида Сирдарё вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасида ходимларга иш ҳақлари берилишининг аҳволи юзасидан мониторинг ўтказилди.
Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси томонидан 2020 йил 1 февраль ойига қадар ўтган давр учун жами 73 нафар ходимларнинг 61 569 022 сўм иш ҳақлари тўлаб берилмаганлиги аниқланди.
Оқибатда, корхона томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 88-сонли қарори талаблари бузилишига йўл қўйилган.
Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 17 ноябрдаги “Иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилиши учун вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг жавобгарлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 504-сонли қарори ҳамда Меҳнат кодексининг 154-моддасига кўра, иш берувчи молиявий аҳволидан қатъий назар ходимга бажарган иш учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шартлиги белгиланган.
Ўтказилган мониторинг натижасига кўра 73 нафар ходимнинг 61 569 022 сўм иш ҳақини белгиланган тартибда тўлаб бериш бўйича “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасига тақдимнома киритилди.
Тақдимнома натижасида иш ҳақлари ундириб берилди.
А.Мавланов,
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш бўлими бошлиғи