Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Инспектор баённомаларни ўз кучини йўқотган қарорга асосланиб тузганлиги аниқланди


Сирдарё вилоят Транспорт бошқармасида давлат бошқарувининг самарадорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, уларни тарғиб қилиш, юридик хизмат фаолияти ва мурожаатлар билан ишлаш аҳволи ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларнинг белгиланган тартибда расмийлаштирилганлиги аҳволи ўрганилганда, инспекторлар томонидан баённомалар тузишда ўз кучини йўқотган норматив ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб тузилганлиги аниқланди.

Баённома уни тузган шахс ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан имзоланиши, гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлган тақдирда эса – баённома мазкур шахслар томонидан ҳам имзоланиши керак.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённоманинг мазмуни юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлидир.

Баённомани тузиш вақтида ҳуқуқбузарга унинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилади ва бу хусусда баённомага ёзиб қўйилади.

Бироқ бошқарманинг Автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат бўлими инспектори томонидан 2019 йил 27 августда фуқаро Х.Эшонқуловга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган бўлиб, мазкур баённомада Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 декабрдаги 994-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низом талаблари бузилганлиги қайд этилган.

Ушбу ҳолат 2019 йил 26 августда Ш.Пўлатов, 2019 йил 2 августда И.Мамараҳимов, 2019 йил 20 сентябрда Ж.Латифов, 2019 йил 6 декабрда Д.Рауповларга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларда ҳам такрорланган.

Ваҳоланки, юқорида қайд этилган норматив ҳуқуқий ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сонли “Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.

Ўрганишлар якунида ушбу камчиликларни бартараф қилиш бўйича тақдимнома киритилди.

 Санжар Ўрмонов,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими