Янгиликлар
10
200 миллиард сўмлик шартномалар имзоланади
Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ҳудудий савдо-саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтмоқда.
Унда Сирдарё вилоятидан 140 дан ортиқ саноат, қурилиш, ишлаб чиқариш корхоналари, йирик тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнес субъектлари ҳамда Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Наманган вилоятларидан 10 дан ортиқ замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйган йирик корхоналар иштирок этмоқда.
Тадбирда, маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, давлат органлари тадбиркорларга амалий кўмак бериши, уларнинг мурожаатлари ва дарду-ташвишларига жиддий ёндашишлари лозимлиги, ўзаро ишлаб чиқариш кооперацияларини жадаллаштириш, коммуникация, фикр алмашиш, маҳсулот айирбошлаш, манфаатларнинг уйғунлиги масалаларига эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
– Ушбу ярмаркани ўтказишдан асосий мақсад саноатнинг турли тармоқлари корхоналарига қайта ишланган хомашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва тайёр товарларни ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш бўйича узоқ муддатли хўжалик муносабатларини кенгайтириш, тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш асосида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга кўмаклашишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мансур Шербеков. – Шунингдек, хорижлик харидорлар ва Сирдарё вилоятида маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштираётган бўлажак шерикларни жалб қилиш ҳамда катта миқдорда шартномалар тузишдек муҳим вазифаларни амалга оширишни ҳам назарда тутганмиз.
– Банкимиз – тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар билан ҳар тарафлама мустаҳкам алоқа ўрнатган, мижозларимиз сафида “Бек кластер”, “Боёвут ғишт” заводи, “Гулистон экстра ёғ” акциядорлик корхонаси, “Сирдарё Дармон сервис” масъулияти чекланган жамият, “Равшан Даволаш маскани” каби йирик ишлаб чиқарувчилар ва 50 дан зиёд хизмат кўрсатиш субъектлари мавжуд, – дейди “Асакабанк” Сирдарё вилояти филиали ходими Баҳром Абдурасулов. – Тадбир иштирокчиларига банк кредит линияларимиз ҳақида батафсил маълумотлар бериб, мижозларимиз сафини янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.
– Ҳудудий савдо-саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси иштирокчилари учун вилоят адлия бошқармаси томонидан “Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги” ташкил этилгани айни муддао бўлибди, – дейди Ширин шаҳридаги “Yorug’ Nur servis” МЧЖ раҳбари Чингиз Ўришбоев. – Биз ҳуқуқшунослардан ўзимиз учун керакли бўлган ҳуқуқий маслаҳатлар, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атофлича тушунчалар олдик. Бунинг учун ташкилотчилардан миннатдормиз.
– Бизга тадбир иштирокчиларидан бири “Фарм Агро Импекс” МЧЖ ижрочи директори Зайниддин Шарипов мурожаат қилиб, Янгиер шаҳрида 10 гектарлик иссиқхонаси мавжудлиги, у тўла қувват билан ишласа, нафақат Янгиер шаҳри аҳолисини, балки, вилоят фуқароларига етгулик маҳсулот ишлаб чиқариши мумкинлиги, аммо, Янгиер шаҳрида электр таъминотида узлуксиз узилишлар бўлаётганлиги туфайли фаолиятида айрим муаммолар юзага келаётгани таъкидлаб, бу борада амалий ёрдам сўради, – дейди вилоят адлия бошқармаси Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи Санжар Ўрмонов. – Ушбу масалани тадбирда иштирок этаётган вилоят электр таъминоти раҳбарлари эътиборига ҳавола қилдик. Улар қисқа фурсатларда ушбу муаммо ечимини ҳал қилишга ваъда берди. Аммо бу масала ечимини топгунга қадар бизнинг назоратимизда бўлади.
Ҳудудий савдо-саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг расмий қисмида вилоят ҳокими, сенатор Ғофиржон Мирзаев сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини қизғин қутлади, қўшни ва бошқа вилоятлардан ташриф буюрган тадбиркорларга миннатдорлик билдирди ва ярмарка ишига, тадбиркорларнинг ҳамкорлик фаолиятларига ривож тилади.
– Президентимиз тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда, – деди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев. – Биз ҳам ушбу тизимни янада чуқурроқ ўзлаштириб, ривожлантириш масаласини кун тартибимиздаги долзарб масала деб белгилашимиз, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашимиз, фаолиятига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай омил билан курашишимиз лозим ва шарт.
Тадбирда 200 миллиард сўмлик шартномалар тузишдек катта мақсадлар белгиланган. Ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг 450 турдан ортиқ маҳсулотларини ярмаркада намойиш этиб, янги ҳамкорлар билан истиқболли лойиҳаларни имзоламоқда. Бу эса вилоятда саноат, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, кооперация алоқаларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик фаолиятини кескин ривожлантириш имконини беради.
Гулистон шаҳрида ўтаётган кооперация биржаси ва ҳудудий савдо-саноат ярмаркаси қизғин давом этмоқда.