Янгиликлар
Меҳнат қонунчилигига риоя этиш иш унумдорлигини оширади
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ходим учун иш вақтининг нормал муддатлари белгилаб берилган. Кодекснинг 115-моддасига кўра, ходимлар учун ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлмаган иш вақти нормаси белгиланган. Яъни, 6 кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса, 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда меҳнат муносабатлари қонун билан тартибга солинган. Қаердаки, тартиб-интизом мустаҳкам бўлса, шу ерда иш унуми юқори, албатта, кайфият ҳам шунга яраша бўлади.
Давлат органлари, ташкилот, муассаса ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сирдарё туманида ўтказилган Ҳокимлик соатининг навбатдагиси ушбу долзарб мавзуга қаратилди.
Мазкур йиғилишда туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Камолиддин Эрназаров ўз маърузаси билан иштирок этиб, меҳнат қонунчилигига риоя этишни таъминлаш, иш режими, ходимларни ишдан ташқари ишга жалб этишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда тартиби тўғрисида батафсил маълумот берди.