Янгиликлар
Муҳташам “Алпомиш” спорт мажмуасида ташкил этилган ҳудудий савдо-саноат ярмаркаси ва кооперацион биржанинг расмий қисмида вилоят ҳокими, сенатор Ғофиржон Мирзаев сўзга чиқди.
Вилоят ҳокими ўз сўзида маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва юқори даражага олиб чиқиш, шунингдек, давлат органлари тадбиркорларга амалий кўмак бериш, уларнинг мурожаатлари ва дарду-ташвишларига жиддий ёндошиш лозимлиги, шу билан бир қаторда маҳаллий тадбиркорлар билан ўзаро ишлаб чиқариш кооперацияларини жадаллаштириш масалалари, яъни, коммуникация масаласи, ўзаро фикр алмашиш, маҳсулот айирбошлаш, манфаатларнинг уйғунлиги масалаларига эътибор қаратди.
-Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев тадбиркорларга алоҳида эътибор бераётирлар, биз ҳам ушбу тизимни янада чуқурроқ ўзлаштириб, ривожлантириш масаласини кун тартибимиздаги долзарб мавзу деб белгилашимиз, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашимиз, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай омил билан курашишимиз лозим, - деди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев.
-Бугунги кунда Асакабанк Сирдарё вилоят филиали тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар ҳар тарафлама мустаҳкам алоқа ўрнатган, мижозларимиз сафида “Бек кластер”, Боёвут ғишт заводи, ёғ заводи, “Сирдарё Дармон сервис” МЧЖ ҳамда Равшан Даволаш маскани каби йирик ишлаб чиқарувчилар ва 50 дан зиёд хизмат кўрсатувчилар бор. Бугунги тадбирда биз тадбир иштирокчиларига банк кредит линияларимиз ҳақида батафсил маълумотлар бериб, мижозларимиз сафини янада кенгайтирмоқчимиз, - деди Асакабанк Сирдарё вилоят филиали ходими Баҳром Абдурасулов.
Тадбирда иштирокчилар учун ҳуқуқий маслаҳат бурчаклари ташкил этилгани улар учун қулайлик яратди.
-Биз ҳуқуқшунослардант ўзимиз учун керакли бўлган ҳуқуқий маслаҳатлар, соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар олдик, дейди Ширин шаҳридаги “Yorug’ Nur servis” МЧЖ раҳбари Чингиз Ўришбоев.
- Тадбир иштирокчиси, “Фарм Агро Импекс” МЧЖ ижрочи директори Зайниддин Шарипов Янгиер шаҳрида 10 гектар иссиқхонаси мавжудлиги, тўла қувват билан ишласа, нафақат Янгиер шаҳри аҳолиси, балки вилоятимиз аҳолиси дастурхонига етгулик маҳсулот ишлаб чиқариши мумкинлиги, аммо, Янгиер шаҳрида электртаъминотида мунтазам узилишлар бўлаётганлиги туфайли фаолиятда айрим муаммолар юзага келаётгани юзасидан мурожаат қилди, - дейди ярмаркада ҳуқуқий маслаҳат бурчаги ташкил қилган вилоят адлия бошқармаси Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи Санжар Ўрмонов.