Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

МЕҲНАТ КОДЕКСИ, 129 МОДДА: ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ ХОДИМЛАРНИ ИШЛАТИШ ТАЪҚИҚЛАНАДИ


Маълумки, жамият турли-туман ижтимоий муносабатлар мажмуидан иборат. Мазкур ижтимоий муносабатлар мос равишда ижтимоий нормаларнинг муайян тури билан тартибга солинади. Масалан, сиёсий муносабатлар сиёсий нормалар билан, диний муносабатлар диний нормалар билан, ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқий нормалар билан ва ҳоказо.

Шундан, ҳуқуқий муносабатлар ичида меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар ходим билан иш берувчи ўртасидаги ихтиёрий равишдаги алоқа бўлиб, унга кўра ходим корхонада муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ўзининг меҳнат вазифасини ички меҳнат тартибига бўйсуниб бажариш мажбуриятини олади, иш берувчи эса меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, жамоа шартномаси ва меҳнат шартномасида белгиланган шартлар асосида ҳақ тўлаш ва тегишли меҳнат шароитини яратиб бериш мажбуриятини олади.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатлар қонун ҳужжатлари билан бирга ички локал ҳужжатлар билан ҳам тартибга солинади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифалари ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашишдан иборат.

Биргина, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини (кейинги ўринларда – Кодекс) олсак, унда ходимлар учун меҳнат ҳуқуқларининг

ва кафолатларининг энг паст даражаси белгилаб қўйилган.

Хусусан, Кодекснинг 115-моддасига кўра ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас, олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Шунингдек, кодекснинг 116-моддасида айрим тоифадаги ходимлар, жумладан, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар, I ва II гуруҳ ногирони бўлган ходимлар, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар, алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар ҳамда уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар учун меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланган.

Айрим ҳолларда, иш юкламасининг кўплиги ёки бошқа сабаблар туфайли белгиланган иш вақти етарли бўлмай, иш вақтидан ташқари ҳам ишлашга тўғри келиб қолиши мумкин.

Бундай ҳолларда, ходимни иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш фақатгина унинг розилиги билангина йўл қўйилиши мумкин бўлиб, бунинг учун иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ёки ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши мумкин. 

Кодекснинг 129-моддасига мувофиқ барча ходимларга дам олиш кунлари (ҳар ҳафталик узлуксиз дам олиш) берилади, бунда беш кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада икки дам олиш куни, олти кунлик иш ҳафтасида эса, бир дам олиш куни берилади. Умумий дам олиш куни якшанба куни ҳисобланади. Бу кунлари ходимни ишлатиш таъқиқланади.

Бироқ, баъзи ҳолларда иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб (бундай ҳолатларга жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади) этилиши мумкин. Бундай ҳолларда, ходимга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ҳамда унинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин.

Бундан ташқари, байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Кодексда ходимлар учун берилган кафолатлардан яна бири байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилишидир.

Ушбу Кодексга нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, корхона(ташкилот ёки муассаса)да меҳнат қонунчилигига риоя этилишни таъминлаш, иш унумдорлигини ошириш, дам олиш вақтида ходимларнинг жисмоний-руҳий тикланиши ва оила даврасида фарзандлар тарбияси билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бевосита иш берувчи зиммасидаги мажбурияти бўлиб, ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилотлар ушбу қонунчиликка тўлиқ риоя этишлари лозим.

Даврон Бурҳонов,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Ҳуқуқий экмпертиза ва юридик хизматларнинг

 фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи