Янгиликлар
НОТЎҒРИ ҲИСОБЛАНГАН ҚАРЗДОРЛИК ОЛИБ ТАШЛАНДИ
Ширин шаҳри фуқароси Н.Акюлованинг газдан қарздорлик масаласида амалий ёрдам сўраб Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимига ёзма равишда қилган мурожаати Ширин шаҳар адлия бўлимига ижро учун келиб тушди.
Бўлим томонидан ариза ижроси юзасидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганиш амалга оширилди.
Аниқланишича, фуқаро Н.Акюлова яшаб келаётган Ширин шаҳар, Дўстлик маҳалласи, Xалқлар Дўстлиги кўчаси, 1-мавзе, 4-уй, 1-хонадон табиий газ тармоғидан 2016 йилда узилган ва 2019 йилнинг сентябрь ойида Мажбурий ижро бюросининг Ширин шаҳар бўлимига табиий газ тармоғига қайта улаш учун рухсат беришларини сўраган.
МИБ ходимлари томонидан асослантирувчи ҳужжатлар сўралганида, фуқаро кўрсата олмаган, бюро ходимлари Ширин шаҳар газ таъминоти корхонасидан қарздорлик учун тармоқдан узилмаганлиги тўғрисида далолатнома олиб келишини сўрашган. Газ корхонасида эса хонадоннинг табиий газдан қарзи мавжудлиги аниқланган.
Муаммоси ҳал бўлмагани ва чўзилиб келаётганидан норози бўлиб адлияга шикоят қилган фуқаро Н.Акюлова адолатни қарор топтириб беришларини, ўзининг табиий газдан қарзи бўлиши мумкинмаслиги, ойма ой тўлаб келаётганини ёзади. Адлия аралашуви билан қайта текшириш натижасида фуқаро Н.Акюлованинг тўлаган пул маблағлари қўшниси, 1-мавзе, 4-уй, 4-хонадонда яшаётган фуқаро У.Назарованинг ҳисоб рақамига нотўғри туширилгани аниқланди.
Фуқаро Н.Акюлованинг табиий газ учун тўлаган пул маблағлари ҳақида хатлов (инвентаризация) далолатномаси расмийлаштирилган ҳамда хонадон ҳисоб рақамига тушириб берилган.
Ҳозирда мурожаатчининг хонадони табиий газ тармоғига уланди ва истеъмол қилинган табиий газдан 437.283 минг сўм олдиндан ошиқча тўлови “Биллинггаз” дастурига киритилиб, нореал (ассосиз) ҳисобланган қарздорлик олиб ташланди.
Фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди, аммо, ҳақ жойига қарор топгунча анча асаббузарликлар бўлиб ўтди.
Шунинг учун ҳам юртдошларимиз истеъмолчи сифатида албатта, коммунал хизматлар бўйича тўловларни вақтида тўласалар ва ҳисоб рақамларини текшириб борсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.