Янгиликлар
03
Сирдарё вилояти: Кун хабарлари қисқа сатрларда
Гулистон шаҳридаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатда “Абитуриентлар штаби” учун масъул этиб бириктирилган ходимлар учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда вилоят халқ таълими бошқармаси ва унинг туман шаҳар бўлимлари, Давлат тест маркази Сирдарё вилояти бўлими ҳамда марказ томонидан вилоятдаги умумтаълим мактаблари координатори сифатида бириктирилган ўқув ишлари бўйича 110 нафар директор ўринбосарлари, туман ва шаҳарлар халқ таълими бўлимларининг 11 нафар “Абитуриентлар штаби” учун масъул этиб бириктирилган ходимлари иштирок этди.
Ўқув-семинар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тизимига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, абитуриентлар учун яратилган имкониятлар, тест синовларининг очиқлик, шаффоф ва адолатли ўтиши учун Давлат тест маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича ахборотлар берилди.
***
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ховос туман кенгаши ҳамда туман ички ишлар бўлими ҳамкорликда хайрли ишни амалга оширдилар.
– Туманимиздаги “Ўзбекистон тўкинчилиги” ва “Оқчангал” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 6 нафар имконияти чекланган ёшлар хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдик ва уларнинг ҳар бири ҳақиқий иқтидор эгалари эканига гувоҳ бўлдик, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ховос туман кенгаши раиси ўринбосари М.Усмонов. – Ушбу хайрли тадбирдан кўзланган асосий мақсад – имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтидорларини юзага чиқаришдан иборат.
***
Ёшларни қийнаётган масалаларни атрофлича ўрганиш, улар томонидан кўтарилаётган муаммоларни бартараф, ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси Сардоба туман бўлимида ҳудуддаги ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси туман бўлими ва ёшлар иттифоқи туман кенгаши вакиллари, 12-сонли умумий ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари ҳамда ҳудуддаги банд бўлмаган ёшлар иштирок этди.
Учрашувда ёшлар томонидан кўтарилган масалалар, билдирилган таклиф ва ташаббуслар йиғилиш баённомасига қайд этилиб, мутасаддиларга уларнинг ижроси юзасидан аниқ топшириқ ва вазифалар белгиланди.
***
Сирдарё вилоят адлия бошқармасида ўтказилган навбатдаги “Ҳуқуқий маърифат соати”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси муҳокамалар марказида бўлди.
Мурожаатномада ҳаётимиздаги барча долзарб масалаларга катта эътибор қаратилганлиги алоҳида таъкидланди.
– Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ходимларимизнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, жамоада бирдамлик ва ишчанлик руҳини юксалтиришдан иборат, – дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Даврон Бурхонов. – Мурожаатнома Ватанимизнинг кўп йиллик тараққиётини олдиндан белгилаб бергани билан аҳамиятлидир. Унда жамият ҳаётининг барча жабҳалари кенг ва атрофлича, мукаммал қамраб олинган.
Тадбирда Давлатимиз раҳбарининг ушбу Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди.
***
Гулистон давлат университетида Ўзбекистон халқ шоири, шу университет профессори Тўра Сулаймон таваллуд куни муносабати билан адабий-бадиий тадбир ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, ёзувчи, шоир ва журналистлар, университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ҳамда шоирнинг яқинлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Тўра Сулаймон ижоди, фаолияти ҳақда сўзлаб берди. Тўра Сулаймон асарлари фақат ифода тарзи ёки оҳанги билангина эмас, тасвирдаги самимият, ўхшатишларнинг ўзига хослиги нуқтаи назаридан ҳам халқчил эканлигини ҳаётий мисоллар асосида айтиб ўтилди.
Тўра Сулаймон шоир сифатида матбуотда 1958 йилдан кўрина бошлади. 1962 йилда эса унинг “Истар кўнгил” шеърий тўплами чоп этилди. Унинг кўплаб достонлари, шеърий тўпламлари китобхонлар кўнглидан жой олган. 2004 йил нашр этилган “Мамлакатнинг таянч нуқтаси” китоби муаллифнинг сўнгги асари бўлди.
Адабий-бадиий кеча йиғилганларда катта таассурот қолдирди.