Янгиликлар
Мустаҳкам оила - жамият таянчи
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Мустаҳкам оила йили” давлат дастури доирасида ёшларни оилага тайёрлаш, уларни дастур йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида кенг кўламли тадбирлар белгилаб олинган. Ҳозирда мазкур йўналишда ҳудудий адлия органлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Мустаҳкам оила - жамият таянчи” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди. Унда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда оила манфаатларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий асосларини умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида янада бойитиш, чуқур билимли, касб ҳунари шаклланган маънавий ҳамда жисмоний соғлом авлодни вояга етказиш, оила институтини такомиллаштириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Конституциямизнинг алоҳида бобида оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгиланди. Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари, бошқа қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари ўз ифодасини топди. Оила – авлодлар давомийлиги, қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни, қолаверса, халқимиз маънавий меросининг авлоддан авлодга ўтишини таъминлавчи омилдир. Шу туфайли оилани қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимизнинг доимий диққат эътиборидадир.
Дарҳақиқат, оила — муқаддас даргоҳ.. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади. Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, унинг нуфузини оширишга доир дастурларни бажаришда адлия органлари зиммасига ҳам маълум вазифалар юклатилган.
Хусусан, оилада ёшлар тарбиясини кучайтириш, оилаларга қонунда белгиланган имтиёзларни тушунтириш, ёш оила қурувчиларни тиббий кўрик аҳамияти билан яқиндан таништириш мақсадида, Сирдарё вилоят адлия, Ички ишлар, Халқ таълими бошқармалари ҳамда “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида режа тасдиқланган бўлиб, унинг ижроси бўйича турли мавзуларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Шунингдек, матбуот анжуманида адлия бошқармаси тизимидаги туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, никоҳ тўйларини миллий анъаналар асосида ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш, ёш оила қурувчилар мактабининг фаолияти, оила қонунчилигини янада такомиллаштиришда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда тарғибот тадбирларини янада кучайтириш ҳақида сўз юритилди.