Янгиликлар
Энг улуғ байрамга бағишланди
Сирдарё вилоятида “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан истиқлолимизнинг 22 йиллигига бағишланган “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида маданий-маърифий тарғибот тадбири ўтказилди.
Иштирокчилар Гулистон туманида форум кўмагида ташкил этилган оилавий тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишиш асносида қишлоқларга замонавий технологияларни олиб кириш масалалари ҳақида ҳам фикр алмашди. “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Оилавий тадбиркорлик – жамият тараққиётининг гарови” лойиҳасида Сирдарё вилояти бўйича саксондан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида “Ўзбекистон ижтимоий масъулиятли фуқаролари форуми” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳомийлигида Гулистон шаҳридаги Бўстон маҳалласида барпо этилган болалар спорт майдончасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Жажжи болакайларга байрам туҳфаси сифатида тақдим этилган майдончада мини-футбол, волейбол, баскетбол билан шуғулланиш учун барча шароит мавжуд. Шунингдек, бу ерда ўрнатилган ўзига хос кичик аттракционлар ҳам болажонлар ихтиёрига топширилди.
Тадбир болалар томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди. Уларнинг шўх қўшиқ ва рақслари барчанинг кўнглини хушнуд этди.
Анжуманда Сирдарё вилояти ҳокими О.Ашурматов иштирок этди.