Янгиликлар
ОНА ВА БОЛА САЛОМАТЛИГИНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСЛАРИ
Аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш имконини берадиган сифатли соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароит яратиш ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай давлатнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Айниқса, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари асосий эътиборда. Ўтган йилда мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.
Яъни 2019 йилнинг ўзида иккита қонун - “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги ва “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Бугун Гулистон шаҳрида жойлашган вилоят перинатал марказида бўлиб ўтган ҳуқуқий маърифат тадбири ана шу мавзуга бағишланди.
Унда вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Азизжон Мавлонов ҳамда вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази раҳбари Сайёра Бобоевалар иштирок этдилар. А.Мавлонов 2019 йил 8 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ - 4513-сон қарори мазмун-моҳияти тўғрисида маъруза қилди.
Тадбирда шифокорлар ва тиббиёт ходимлари томонидан қарор бўйича кўплаб саволлар тушди. Шунингдек, адлия ходимлари марказнинг Патология бўлимида даволанаётган ҳомиладор аёллар билан ҳам мавзу бўйича суҳбатлар ўтказдилар.
Ушбу ҳуқуқий-маърифий тадбир ҳақида “Ўзбекистон 24”телеканали учун репортаж тасвирга олинди.