Янгиликлар
20
Сирдарё вилояти: кун хабарлари қисқа сатрларда
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан мактабгача таълим ташкилотларида “Ҳуқуқий алифбо” соатларини ўтиш белгиланди.
Шу муносабат билан Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг иш режасига асосан туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан бошқарма ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотларида жорий йилнинг 10-24 декабрь кунлари давомида “Ҳуқуқий алифбо” соатларини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
– Белгиланган жадвал асосида вилоятимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилаётган “Ҳуқуқий алифбо” соатларида болажонларга ўйин шаклидаги, тез айтишлар ва бошқа болажонлар эътиборини тортадиган усуллар ёрдамида давлат рамзлари, болалар дунё қараши даражасидаги ҳуқуқлари тушунтирилмоқда, – дейди вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Дилноза Умрзоқова. – Бугун вилоят марказидаги 18-сонли мактабгача таълим ташкилотида Гулистон шаҳар адлия бўлими ходимлари билан биргаликда ташкил этилган қувноқ машғулотлар болажонларнинг шодон қийқириқлари остида ўтди.
Қизиқарли ўтган тадбир сўнгида барча иштирокчи болажонларга эртак китоблари совға қилинди.
Янгиер шаҳардаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маҳалла фуқаролар йиғинида 25 ўринга мўлжалланган “Гулбаҳор” оилавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркор Гулчеҳра Воҳидова томонидан ушбу муассасанинг фойдаланишга топширилиши натижасида 3 та доимий иш ўрин яратилди.
Ушбу боғчада болажонларнинг таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Машғулотлар хонаси, мусиқа зали, ётоқхона ҳамда овқатланиш ва бошқа хоналар зарур жиҳозлар, хавфсиз ўйинчоқлар, кўргазмали қўлланмалар билан тўлиқ жиҳозланган.
Сирдарё тумани ҳокимлигида “Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Унда соҳа масъуллари ҳамда Сирдарё ва Сайхунобод туманларидан бириктирилган Ишчи гуруҳ таркибига кирувчи ходимлар иштирок этди.
Иштирокчиларга 2019 йил 13 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни ҳамда шу санадаги Президентимизнинг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони юзасидан атрофлича тушунча берди.
Шунингдек, тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 декабрдаги “Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳам вилоятда амалга оширилиши мўлжалланган топшириқларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, семинарда хусусийлаштирилган ер участкаларидан тушган маблағлар ҳудудларни урбанизация даражасини яхшилаш ҳамда шаҳар ва қишлоқлар коммуникация хизмати даражасини оширишга сарфланиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.