Янгиликлар
Устувор вазифалар ижросига бағишланди
Сирдарё вилояти фаолларининг жорий йил биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2013 йилги иқтисодий дастурнинг асосий устувор вазифалари ижросига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти ҳокими О.Ашурматов бошқарган йиғилишда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада ривожлантириш, иқтисодиётни модернизациялаш, янги қувватларни ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли натижаларга эришилаётгани таъкидланди.
Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 8,1, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,7, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8, қурилиш ишлари ҳажми 12,3 фоизни ташкил этди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш натижасида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 10, чакана товар айланмаси 16,2, хизматлар 15,4 фоизга ўсди.
Вилоятни 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида жорий йилнинг олти ойи мобайнида 1 минг 54 лойиҳа амалга оширилиб, 266,2 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилди. Ҳудудий корхоналар томонидан 22,5 миллион доллар миқдорида экспорт ишлари амалга оширилиб, белгиланган режа 178,6 фоизга бажарилди.
Тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 94,4 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада ўн икки мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг биринчи ярмида аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш дастурига мувофиқ вилоятда 21 минг 447 иш ўрни ташкил этилди.
Йиғилишда 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида саноат, сервис, хизмат кўрсатиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди.
Дастур ижросини таъминлашда Сирдарё, Сайхунобод, Гулистон, Мирзаобод, Сардоба туманларида камчиликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Мазкур нуқсонларни бартараф этиш ҳамда энг муҳим устувор вазифаларни изчил бажариш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланди.