Янгиликлар
10
Демократия мезони
Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси Ж.Нуритдинов оммавий ахборот воситалари вакиллари ва сиёсий партиялар раҳбарлари учун брифинг ўтказди.
“Янги Ўзбекистон: янги сайловлар” шиори остида ўтган брифингда вилоят сайлов комиссияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсий партияларнинг раҳбарлари иштирок этди.
Брифингда жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга вилоятда сайлов кампанияси тарғиботи бошлангани, эндиликда оммавий ахборот воситалари ва сиёсий партиялар олдида бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар тургани, сайловлар олди тарғибот ишларида холисликни таъминлаш, адолат мезонлари асосида фаолият юритиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
– Сирдарё вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 4 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 50 та, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 80 та, туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи 240 та, жами 370 та сайлов округи ҳамда 381 та сайлов участкалари тузиш, уларнинг чегаралари ва марказларини белгилаш ишлари Сайлов кодекси талаблари асосида амалга оширилмоқда, – дейди халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси масъул котиби Фахриддин Абдусатторов. – Сайлов комиссияларига жами 6 минг 750 нафар аъзо қамраб олинади.
Бу йилги сайловларда вилоятдан 509 мингга яқин сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 17 минг 600 нафари бу йилги сайловларда биринчи марта ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз берадилар.
Вилоятдаги 4 та округ сайлов комиссиясининг барча аъзолари Тошкентда сайловларни ўтказиш юзасидан махсус ўқув курсларида малака ошириб келди. Айни пайтда вилоятда республика Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тренерлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолари ўқувлари олиб борилмоқда.
– Биз жуда муҳим сиёсий жараён олдида турибмиз ва бу йилги сайловлар – “Янги Ўзбекистон: янги сайловлар” шиори остида ўтказилишини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов. – Бу йилги сайловларда иштирок этиши кутилаётган хорижий эксперт ва кузатувчилар сайлов жараёнида тўлиқ миссияни амалга ошириши маълум қилинди. Бу ҳар биримиздан бўлажак сайловларга алоҳида тайёргарлик кўришимизни, демократик жамият қуриш йўлидан астойдил бораётганимизни намоён эта билишни талаб этади.
Шунингдек, брифингда сайловнинг юқори даражада ўтишида журналистларнинг фаоллиги муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида таъкидланиб, сайлов жараёнлари ва унга тайёргарлик ишларини ёритиш ҳаётий фактлар билан атрофлича тушунтириб берилди.