Янгиликлар
КЕКСАЛАР АДЛИЯ ЭЪТИБОРИДА
Бутун дунёда 1 октябрь - Халқаро Кексалар Куни сифатида нишонланади.
Адлия вазирлиги тизимида ҳар йили ушбу санага алоҳида эътибор қаратилади. Бу йил ҳам ушбу санага бағишланган тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам ўтказилмоқда.
Хусусан, Боёвут туман адлия бўлими туман молия бўлими, пенсия бўлими ва маҳалла раиси билан биргаликда тумандаги Маданият маҳалласи Навқирон кўчаси 3-уйда яшовчи ёлғиз қария Абдужалол ота Юлдашевнинг хонадонида бўлиб, отахоннинг ҳолидан хабар олдилар.
- Абдужалол ота билан суҳбат асносида газ таъминотида муаммоси борлиги, уйи таъмирталаблиги аниқланди, шу билан биргаликда, отахон даволаниш учун ордер сўраб мурожаат қилди. Биз бу мурожаатларни қабул қилдик, қисқа муддатларда тегишли ташкилотлар билан отахонни қийнаётган муаммоларни баратаф қиламиз, - дейди туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Абдуманнон Исмоилов.
Худди шундай тадбир Ширин шаҳрида ҳам ўтказилди. Ширин шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳарда истиқомат қилувчи ёлғиз қариялар - Робия Мингалиева ҳамда Курбон Якубовларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, ҳолидан хабар олинди. Улар билан мамлакатимизда кексаларга берилаётган имтиёзлар ҳақида суҳбатлашилди.
- Биз кексайиб қолдик, ижтимоий хизмат ходимига эҳтиёжимиз бор, - дейди Робия опа Мингалиева. – Шу муаммони ҳал қилишда кўмак сўрайман.
Биз мурожаатни қабул қилдик ва "Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бандларига кўра тегишли органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу муаммони ҳал қиламиз, - дейди шаҳар адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Бекзод Ғайбуллаев.
Тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.