Янгиликлар
АДЛИЯ БЎЛИМИНИНГ БИР ИШ КУНИ
Ушбу мавзудаги кўрсатувни тасвирга олиш учун “Ўзбекистон24” телеканали тасвирга олиш гуруҳи – Санжар Тошпўлатов ҳамда Шуҳрат Абдувоитовлар билан Оқолтин туманига йўл олдик.
Оқолтин тумани адлия бўлими биноси шундоққина катта йўлнинг чеккасида жойлашган бўлиб, туман аҳолиси учун жуда қулай. Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи Турсунбой Каримов ҳамда етакчи маслаҳатчиси Ҳокимбек Эркабоевлар бизни адлия бўлими ҳовлисида кутиб олишди.
- Ҳар куни соат 8 бўлар-бўлмас ишхонага шошамиз, - дейди Турсунбой ака. – Чунки туманимиз аҳолиси жуда меҳнаткаш, эрта азонлаб туришади. Соат 9-ни тумандагилар чошгоҳ дейишади, эрта азонлаб иш баракали бўлади, унади, дейишади.
Бинонинг адлия бўлими жойлашган қисмига кирамиз. Шинам, озода хоналар, янги мебеллар, кондиционер ишлаб турибди.
- Эрталаб ишга келгач, биринчи навбатда Ҳокимбек билан электрон почтамизни текшириб оламиз. Вазирлик ва бошкармадан келган топшириқларни, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнини қабул қилиб оламиз ва ўз навбатида тегишли ташкилотларнинг электрон почталарига ташлаб берамиз, - дейди Турсунбой ака.
- - Турсунбой ака, қабулингизга икки нафар фуқаро келибди, - дея хабар беради хонага кириб келган Ҳокимбек. – Кираверишсинми?
Турсунбой ака фуқароларни қабул қилади. Туманнинг Кўркам диёр маҳалласидан Мамасоли ака Эргашев мулкка эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш бўйича тушунча беришни сўраб мурожаат қилиб келибди. У билан бир пайтда келган Саховат МФЙ фуқароси Бахтиёр Бўрибоев ҳам ноқонуний қурилган уй-жойини расмийлаштириш йўл-йўриқларини сўраб мурожаат қилди.
- Айтиш жоизки, Уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш,шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишга кўмаклашиш мақсадида 2018 йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 5421-сонли фармони ҳамда шу асосда 2018 йил 21 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонининг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақидаги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилиниб, ушбу акция 2019 йил 1 майгақадар давом этди ва минг-минглаб юртдошларимиз ушбу акциядан фойдаланиб, ўз уй-жойларини расмийлаштириб олдилар, - дейди Турсунбой ака биз билан суҳбатда. – Ушбу акция давомида биз тумандаги 12 та маҳалланинг барчасида аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, юқоридаги Президент Фармони ва ҳукумат қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтирганмиз. Аммо, баъзи фуқароларимиз акция пайтида турли сабабларни рўкач қилиб, бу ишни ортга сурганлар. Энди уларнинг барчасига Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ва қонунда белгиланган тартибда расмийлаштиришларини тушунтиряпмиз.
Фуқаролар қабулидан сўнг тумандаги Фарғона шаҳарчасида жойлашган Оқолтин қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи фаоллар залида туман фаоллари йиғилган тадбирга йўл оламиз. Бу ерда адлия ходимларини туман ҳокими Дилмурод Фозилов кутиб олди ва ичкарига бошлади. Зал тўла аҳоли Турсунбой аканинг Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, бу йилги сайловларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги маърузасини диққат билан тингладилар.
Маърузадан сўнг, шу ернинг ўзида, бошқа залда участка сайлов комиссияси раиси ўринбосарлари ва котиблари учун ташкил этилган семинар-тренингга кирамиз. Турсунбой ака сайлов қонунчилиги ва жараённи ўтказиш тартиблари тўғрисида иштирокчиларга батафсил тушунтирди. Савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар тингланди.
- Сайлов қонунчилиги тарғиботи бўйича тизимли иш олиб бормоқдамиз, - дейди қаҳрамонимиз. – Бу йилги сайловлар ҳар доимгидан ўзгача, шаффоф ва демократик принциплардан оғишмай, юксак савияда ўтказилиши лозим. Шу боисдан, округ ва участка сайлов комиссиялари раиси, ўринбосари ва котибларини ҳам ўқитяпмиз.
Турсунбой ака билан тумандаги Сахофат МФЙ ҳудудида фаолият олиб бораётган туяқуш фермасига йўл оламиз.
- Сайлов қонунчилиги тарғиботи бўйича тизимли иш олиб бормоқдамиз, - дейди қаҳрамонимиз. – Бу йилги сайловлар ҳар доимгидан ўзгача, шаффоф ва демократик принциплардан оғишмай, юксак савияда ўтказилиши лозим. Шу боисдан, округ ва участка сайлов комиссиялари раиси, ўринбосари ва котибларини ҳам ўқитяпмиз.
Турсунбой ака билан тумандаги Сахофат МФЙ ҳудудида фаолият олиб бораётган туяқуш фермасига йўл оламиз.
- Дарҳақиқат, шу ишни бошлаганимда, кўпчилик муваффақиятимга ишонмаган эди. Турсунбой ака тўғри ҳуқуқий маслаҳатлари билан ёрдам берганлар, - дейди Дониёр Тошпўлатов биз билан суҳбатда. – олиб келганимда атиги икки жуфт эди, мана кўриб турибсиз, қисқа давр оралиғида ўттизтадан ошиб кетди. Жўжаларини алоҳида сақлайман, уларни уч кунлигидан бошлаб реализация қиламиз. Бир дона уч кунлик-бир ҳафталик жўжанинг нархи бир миллион сўмдан бошланади. Туяқушнинг бир килограмм гўшти 90 минг сўм, аммо, ҳали экспортга чиқармадик. Фақат аҳолига сотяпмиз. Яқин-йироқдан туяқуш боқишни истаганлар келиб, жўжаларни сотиб олиб кетишяпти. Келгусида фермани кенгайтириш ниятим бор. Ана ўшанда туяқуш гўштини экспортга чиқарсак бўлади. Туяқушдан умуман чиқинди чиқмайди, ҳатто тирноғи олмосга ишлов беришда ишлатилади.
Тадбиркор билан мароқли суҳбатдан сўнг, туман адлия бўлимига қайтиб келдик. Бу ерда Ҳокимбек Эркабоев бизни кутиб олди. Ҳокимбек туман хотин-қизлар қўмитаси билан “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти юзасидан суҳбат ўтказибди.
- Ўтган саккиз ой ичида 100 та мурожаатни қабул қилдик, шундан 60 таси адлия кўмагида қаноатлантирилди. 32 таси даъво аризаси билан судга чиқарилди. Қолганига ҳуқуқий тушунтириш берилди, - дейди Турсунбой ака. - Албатта булар адлия бўлимимизга мурожаат қилиб келганлар, биз бундан ташқари ҳар ойнинг иккинчи шанбасида адвокат, нотариус ҳамда давлат хизматлари маркази, туман ҳокимлиги раҳбарияти билан биргаликда ""Ҳуқуқий ахборот куни" ўтказамиз, аҳолига ҳуқуқий тушунтиришлар берамиз. Уйма уй юриб, манзилли тарғибот қиламиз.
Адлия бўлимига туман ташкилотларидан ҳуқуқшунослар ташриф буюради, бўлим ходимлари улар билан янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича ишлашни бошлайди.
Биз эса адлия бўлими ходимларини иш устида қолдириб, "эл-юрт хизматида чарчаманг", дея хайрлашдик.