Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

ЎЗ НОМИГА МУНОСИБ ИҚТИДОРЛИЛАР МАКТАБИ


4 сентябрь – Билимлар куни муносабати билан вилоят адлия бошқармаси ҳамда туман-шаҳар адлия бўлимлари ходимлари таълим масканларида бўлиб ўтган "Билимлар куни" да иштирок этдилар. Вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими ходимлари Сирдарё вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб –интернатида бўлиб ўтган байрам тадбирида иштирок этдилар.
         Байрам тадбирини ёзишдан олдин, ушбу мактабнинг битирувчилари давлатимизнинг барча пиллапояларида, халқ хўжалигининг барча соҳаларида муносиб фаолият кўрсатаётганини, уларнинг орасида Буюк Британия, Америка,  Канада, Франция, Россия Федерациясида таҳсил олиб қайтганлари ва элу юртга муносиб ҳисса қўшаётганларини таъкидлашни жоиз деб билдим.
         Ҳаяжонга тўлган, чиройли мактаб формасини кийиб олган ўқувчилар, улардан кам ҳаяжонланмаётган ота-оналар билан тўлиқ майдонда мактаб директори Саодат  Файзиева сўзга чиқди.
-        Бу йил биз учун жуда қувончли воқеаларга тўлиқ бўлди, - деди ўз сўзида маърузачи. – 28 нафар битирувчиларимиздан 24 нафари олий ўқув юртлари талабалари бўлишди. Шундан 7 нафари грант, қолгани контракт асосида ўқишга киришди. Қувонарлиси,битирувчимиз Мадина Суннатова француз тили бўйича  республика олимпиадасида биринчи ўринни эгаллаб, юзимизни ёруғ қилди. Мадинанинг устози Одил ака Мингжигитовга ҳамда ота-онасига мингдан минг раҳмат, деймиз.

Француз тили ўқитувчиси, ўқувчиларнинг севимли устози  Одил Мингжигитовга қимматбаҳо совға – “Артель” русумли телевизор топширилди.

-        Бу йилги битирувчиларимиз орасида Диёр Худойбергенов Буюк Британия университети,    Абдулазиз Муродов Хитой Республикаси, Анвар Раимкулов Корея давлати олийгоҳларидан бирига ўқишга кирди. Мадина Суннатова дипломатия университети талабаси бўлди. Яна икки нафар ўқувчимиз Россия олийгоҳлари талабаси бўлишди, - дея фахрланиб гапирди мактаб директори.
Шу билан бирга кўплаб мактаб ўқувчилари турли олимпиадалар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари бўлишди. Хусусан, мактабимиз жамоаси июнь ойида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган "Ёшлар ва қонун" кўрик-танловининг вилоят босқичида 1 ўринни, республика босқичида 4-ўринни эгаллашди.
         -Ўқувчиларнинг бундай  муваффақиятларга эришувига албатта ўқитувчиларимизнинг фидойилиги, меҳнатсеварлиги, ота-оналарнинг ўз фарзандлари тақдирига эътиборсиз эмасликлари асос бўлди, меҳнат қилган, ўқиган, билимли ва иқтидорли йигит-қизларимиз албатта, ўз мақсадларига эришадилар. Шу боисдан ҳам, барчангизни ака-опаларингиздан ўрнак олишга чақирамиз, - дея сафда турган ўқувчиларга мурожаат қилди директори.

Шундан сўнг ўқувчиларни “Билимлар куни” ва Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан мактаб ота-оналар кенгаши раиси Зайнаб Худоёрова, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Зебо Ҳайдарова ва бошқа меҳмонлар табрикладилар.

         Тантанали қисмдан сўнг, барча синфларда “Мустақиллик дарслари” ўтилди.