Янгиликлар
04
ЮРИДИК КОЛЛЕЖДА БИЛИМЛАР КУНИ
Бугун мамлакатимиздаги барча олий, ўрта-махсус, умумтаълим масканларида бўлгани каби Сирдарё вилоят юридик коллежида “4 сентябрь – Билимлар куни”га бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда коллеж директори Жамшидхон Нуритдинов сўзга чиқди.
- Аслида коллежимиз очилганига кўп бўлгани йўқ. Бу йил иккинчи маротаба талабаларни ўз қучоғига олди. Айтиш жоизки, бу йил юридик коллеж талабаси бўлишни хоҳловчилар сони кескин кўпайди. Ўтган йилда юридик коллежимизга талабалар синов тариқасида, имтиҳонсиз, суҳбат орқали қабул қилинган эди. Бу йил биринчи маротаба Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 октябрда 858-қарор билан қабул қилинган Низомга асосан коллежимизга 743 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шундан 202 нафари 6 та йўналиш бўйича имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлишга ноил бўлдилар, - деди ўз сўзида Ж. Нуритдинов. – Коллежда ўқувчиларимиз ўзлари танлаган йўналишларда сифатли таълим олишлари учун барча шароит мавжуд. 3 500 тадан юридик ҳамда ўқув, бадиий адабиётлар жамланган кутубхонамиз, интернет тармоғига уланган компьютер хонамиз, ҳамда тўлиқ жиҳозларга эга спорт залимиз йигит-қизларимизга мунтазир.
- Менинг қизим Ситора Тожиева шу ўқув юртининг нотариат йўналишига ўқишга кириш бахтига муяссар бўлди, - дейди Ўзбекистон Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси Алишер Тожиев. – Қизим келгусида ҳуқуқшунос бўлиб, халқ хизматида бўлса мен бундан жуда бахтиёрман.
-Коллежимизда 11 нафар доимий, 6 нафар ўриндош ўқитувчилар фаолият юритади, - дейди коллеж директор ўринбосари Жаҳонгир Холбоев. – Улар бор билимларини ёш ҳуқуқшуносларни тайёрлашга қаратишмоқда. 2020 йилда биринчи талабаларимизни учирма қиламиз. Шуниси қувонарлики, уларнинг барчаси ҳозирданоқ ишга таклиф олишган. Баъзилари олий ўқув юртида таҳсилни давом эттириш ниятида. Мақсадимиз – жамиятимизга нафи тегадиган, билими кучли ҳуқуқшунослар тайёрлашдан иборат.
Байрам тадбиридан сўнг барча аудиторияларда ўқувчилар учун “Мустақиллик дарслари” ўтказилди.