Янгиликлар
09
ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ ҚУРОЛИМИЗ
Бугун Сардоба туманидаги 39-жазони ижро этиш муассасасида шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.
Вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Э.Мўминов, адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев, вилоят ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Ф.Акрамов, давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатини вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мўминов бошқариб борди. Дастлаб, маҳкумлар ўз яқинлари ҳаётларида бўлаётган ижобий янгиликлар ҳақида гапириб беришди.
Хусусан, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрилик Ҳикмат Ганжиев 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 159 ҳамда 242 –моддалари билан озодликдан маҳрум этилган. Бугунги кунда Сардоба туманидаги колонияда қолган жазо муддатини ўтамоқда.
-Яқинда қариндошларим келиб хабар олишди, яхши янгилик айтишди, оиламга 2-хонали уй беришипти, - дея қувончини ичига сиғдирмайди Ҳ.Ганжиев. – Энди мен ҳам бор кучим, ҳаракатимни уларнинг олдига қайтиш, тўғри йўлда ҳалол яшаб, меҳнат қилиш, қолган умримни оилам ва Ватаним олдидаги бурчимни адо этишга сарфлайман.
Сўзга чиққан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Тоғаев кейинги йилларда мамлакатимизда қонунчилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, жиноятга жазонинг либераллашуви, амнистия актлари ва афв ҳақида маълумотлар берди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Ф.Акрамов ва бошқалар жиноятчиликка қарши олиб борилаётган кураш, маҳбусларга тўғри йўлни танлаб, оила бағрига қайтиш имкониятлари ҳақида гапира туриб, ушбу имкониятлардан албатта фойдаланиш, жамиятга соғлом фикрли аъзо бўлиб қайтиш лозимлигини таъкидладилар.
Тадбирда иштирок этган вилоят мусиқали драм а театри актёри Илҳом Аллаёров “Ниқоб” спектаклидан саҳна кўринишини иштирокчилар эътиборига намойиш қилди. “Она армони” сарлавҳали монологини ўқиб берди.
- Бундай ҳамкорликдаги тадбирларни вилоятимиз ҳудудида жойлашган бошқа жазони ижро этиш муассасаларида ҳам ўтказишни режалаштирганмиз, - дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев. – Мақсадимиз, юртдошларимизни тўғри йўлни танлаб жамиятга, оиласи бағрига қайтишга ундаш, ҳуқуқий онгини шакллантириш ва қонунларга ҳурмат ҳиссини қарор топтиришдан иборат.