Янгиликлар
27
ТАЛАБА ЁШЛАРГА ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ ТУШУНТИРИЛДИ.
Сирдарё вилоят адлия бошқармасининг Гулистон Давлат университети билан имзолаган қўшма қарорига кўра, ҳар ҳафта сешанба куни “Ҳуқуқий ахборот соати” ўтказилади.
Навбатдаги машғулот ижтимоий-иқтисодий факультетининг “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ” йўналиши талабалари учун ўтказилди. УниСирдарё вилоят адлия бошқармасининг ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими етакчи маслаҳатчиси Лазиз Худойқулов олиб борди ва талаба ёшларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5618-сон Фармони мазмун-моҳиятини батафсил, содда тилда тушунтириб берди.
Машғулотда ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ҳар бир шахсда қонунларга ва одоб-ахлоқ қоидаларига ҳурмат, миллий қадриятларга садоқат, ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик ҳиссини уйғотиш бўйича суҳбат ўтказилди.
-Бундай ҳуқуқий ахборот соатларини ёшларимиз қизиқиб тинглашади, - дейди факультетнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Шомурод Бектурдиев. – Биз бундай ҳуқуқий ахборот дарсларини талабаларимизнинг ота-оналари учун ҳам ташкил қиламиз. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқи ва бурчини билиши, қонунларни ҳурмат қилиши жамиятимизнинг тинч ва фаровон бўлиши учун жуда муҳим. Бу борада адлия бошқармаси ходимлари бизнинг доимий ҳамкорларимиз бўлиб қолади, деб ишонаман.