Янгиликлар
18
ХОДИМЛАРНИНГ ИШ ҲАҚИ УНДИРИБ БЕРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган "Инсон ҳуқуқлари- олий қадрият" лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам тизимли ва манзилли тарғибот тадбирлари бўлиб ўтяпти. Шу жумладан, тадбирлар жараёнида фуқаролардан оғзаки ва ёзма мурожаатлар қабул қилиняпти ва жойида ўрганиб чиқилиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрилмоқда.
Мисол учун, Сирдарё тумани адлия бўлими маҳаллаларда манзилли тарғибот чоғида фуқаро Н.Мавлянова ва бир гуруҳ фуқаролардан ойлик иш ҳақлари вақтида берилмаётганлигидан шикоят қилди.
-Ўрганиш чоғида маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бепарволикка йўл қўйилганлиги, хусусан, маҳаллалар жамоат ишларига жалб этилган фуқароларга иш ҳақи тўлаш учун табелларни кечиктириб беришлари, туман Бандликка кўмаклашиш маркази эса тўловни сабабсиз кечиктираётганлиги аниқланди.
- Туман адлия бўлими томонидан тақдимнома киритилиб, 124 нафар фуқаронинг 47 млн сўм иш ҳақи ундириб берилди. Шу билан бирга 38та маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари конун хужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантирилди, - дейди туман адлия бўлими бошлиғи Т.Худойбердиев. – “Иш бердингми, ҳақини тўлаб қўй” деган нақл бор. Бозор иқтисодиёти шароитида давлатимиз томонидан ишсиз фуқароларимизга яна бир имконият сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш жорий этилган. Ўз ҳудудида кимлар кам таъминланган ва ишсиз эканини яхши биладиган маҳалла оқсоқоллари, ўз навбатида жамоат ишларида асосан кам таъминланган фуқаролар ишлашини яхши билган туман Бадликка кўмаклашиш маркази ходимларининг кишилар тақдирига бефарқлик билан қарашлари инсофдан эмас.