Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенети сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимини янада юксалтириш, сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган семинар-тренинглар ўтказилди.
Сирдарё вилоятида тузилган 271 та сайлов участкаси зарур жиҳозлар, алоқа ва техник воситалар, сайлов қонунчилигига оид ва бошқа ҳуқуқий адабиётлар билан тўлиқ таъминланди, овоз бериш, она ва бола, тиббиёт хоналари шай ҳолатга келтирилди.
Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида участка сайлов комиссия-лари зиммасига масъулиятли вазифалар юклатилган. Сайловнинг қонун талаблари асосида ўтиши, сайловчиларнинг овоз бериши, кузатувчиларнинг самарали фаолият юритишида участка сайлов комиссиялари аъзоларининг билим ва малакаси муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссиясида ташкил этилган семинар-тренингда участка сайлов комиссиялари аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси экспертлари, вилоят округ сайлов комис-сияси аъзолари, вилоят адлия бошқармаси, ҳуқуқий идоралар, молия бошқармаси, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сирдарё ҳудудий бўлинмаси мутахассислари, оммавий ахборот воситлари ходимларидан иборат гуруҳлар бевосита сайлов участ-каларида ўтказилган семинарларда "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги қонуннинг мазмун-моҳияти, халқаро сайлов стандартлари, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари, сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларининг сайлов жараёнидаги ўрни, сайлов кампанияси очиқлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли масалалари бўйича атрофлича сўз юритдилар.
Муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш тартиби, сайлов жараёнида хал-қаро кузатувчиларнинг роли, сайлов кампаниясининг очиқликлигини таъминлашга оид маърузалар тингланди. Овоз беришни қонун талабларига мувофиқ ўтказиш, халқаро ва маҳаллий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда участка сайлов комиссиялари фаолияти билан боғлиқ бошқа жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шуниси характерлики, бу семинарларга барча сайлов участкалари комиссиялари аъзолари тўлиқ жалб этилди. Семинар қатнашчиларига республика Марказий сайлов комиссияси томонидан тайёрланган сайлов участкаларини жиҳозлаш ва ишни тегишли қонун талаблари даражасида ташкил этиш масалалари мазмун-моҳиятини ифодаловчи видеофильм намойиш этилди.
Савол-жавоблар тарзида ўтган бу семинар-тренинглар участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ҳар томонлама фойдали бўлди.