Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам кафолати


1.jpg Адлия вазирлиги томонидан давлат органларининг юридик хизматлари ходимлари учун “Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари мустаҳкам кафолати” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.

Видеоконференц-алоқа шаклида ўтказилган мазкур семинарда Адлия вазирлиги мутахассислари, ҳуқуқшунос олимлар, давлат бошқаруви органлари юридик хизмат ходимлари, амалиётчи мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари хусусида кенг тушунтириш берилди.

Таъкидланганидек, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” ана шу кўп қиррали сиёсатнинг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Қайд этиб ўтилган Фармон инсон ҳуқуқларини ишончли ва кафолатли ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, қуйидаги асосий устувор йўналишларни белгилаб берди:

биринчидан, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;

иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;

учинчидан, одил судловга эришиш даражасини ошириш.

Ушбу мақсадларга эришишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланган бўлиб, унда юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш ҳам муҳим вазифа сифатида кўрсатиб ўтилди.

1.jpgХусусан, Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат органларида юридик хизматнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек адлия органлари тизимида юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича тузилмалар ташкил қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда сўнгги йилларда қонун ижодкорлиги фаолиятини самарали амалга ошириш, юридик хизматнинг бошқарувдаги ролини янада ошириш ва уни ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлат органлари юридик хизматининг фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, селектор йиғилишида муҳокама қилинди. Соҳа фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган Ҳукумат чора-тадбирлари ва дастурларига асосан, ҳар бир давлат органи юридик хизматининг функционал вазифалари янгидан ишлаб чиқилиб, адлия органлари билан келишилди. Малака оширмасдан келаётган юридик хизмат ходимларини ўқитиш бўйича тақсимот режа ишлаб чиқилиб, унинг ижроси юзасидан бир қатор ходимларнинг ўқитилиши таъминланди.

Адлия вазирлиги томонидан давлат органларининг юридик хизмати фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва юридик-техник расмийлаштиришда ҳам мунтазам равишда услубий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, юридик хизмат ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами нашр этилиб, давлат ташкилотларига етказилди.

Энг асосий ишлардан яна бири – юридик хизматнинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи қонун ҳужжатлари замон талаблари асосида қайта кўриб чиқилди.

1.jpgЖумладан, давлат органлари юридик хизматлари фаолиятини, шунингдек уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида, 2015 йил 4 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 149-сон қарори қабул қилинди.

Қабул қилинган Ҳукумат қарорига асосан юридик хизмат ходими лавозимига тайинланган шахсларнинг адлия органларида стажировкадан ўташ амалиёти жорий этилди, юридик хизматнинг мавжуд штат бирликларини қисқартиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.

Юридик хизмат ходимлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир Минимал талаблар ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идораларга хизматда фойдаланиш учун юборилди. Ушбу минимал талабларда ташкилотларнинг юридик хизмати учун моддий-техник таъминот ҳамда хизматда фойдаланиш учун зарур бўлган қонун ҳужжатлари ва ташкилотнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини тўлдириш билан боғлиқ талаблар белгиланди.

Юридик хизмат соҳасидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ижрочилар ва аҳолига тушунтириш бўйича алоҳида график асосида адлия органлари томонидан ўнлаб туркум семинарлар ва конференциялар ўтказилди.

Олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари шуни кўрсатдики, давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолиятида сифат ва самарадорлик сезиларли даражада ошди. Бир сўз билан айтганда, бундай амалий тадбирлар соҳадаги муайян муаммо ва камчиликларнинг олдини олиш, энг муҳими фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шундай бўлсада, бугунги кунда ушбу соҳада бир қатор амалий тадбирлар олиб борилишига қарамасдан, давлат органлари юридик хизмати фаолиятида айрим камчиликлар ва муаммолар мавжудлиги конференция иштирокчилари томонидан таъкидлаб ўтилди.

1.jpgМаълумки, давлат органи ёки бошқа хўжалик юритувчи субъект бўлишлигидан қатъи назар юридик хизматнинг вазифаси бу – ўша жойда қонунийликни таъминлашдан иборат. Юридик хизмат фаолияти жараёнида аввало, ҳуқуқни қўллаш амалиёти кенгаяди ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади. Давлат органлари ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида қабул қилинадиган юридик аҳамиятга молик барча ҳужжатларнинг лойиҳаларини энг аввало, юридик хизмат кўздан кечиради. Айнан шу жараёнда тайёрланаётган ҳужжатлар лойиҳаларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги текширилади. Шунинг учун ҳам ушбу хизмат фаолиятининг такомиллаштирилиши, соҳа мутахассисларининг иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Фармонда Юристлар малакасини ошириш марказининг вилоятларда минтақавий филиалларини ташкил этиш ҳам белгилаб берилган. Бу эса ўз навбатида, юристлар малакасини ошириш қамровини оширади ва янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида белгиланган қоида-талабларни амалиётда қўллаш механизмини такомиллаштиради. Шунингдек, тингловчиларни ўзлари ишлаб турган корхоналар билан доимий мулоқотда бўлиши билан бирга, сарф-харажатларни камайтиради.

Тадбир иштирокчиларига юридик хизматни такомиллаштириш бўйича белгиланаётган чора-тадбирлар хусусида батафсил ахборот берилиб, ушбу Фармоннинг амалга оширилиши мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини янада мустаҳкамлаш имконини бериши таъкидланди.