Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Натижалар таҳлил этилди, вазифалар белгилаб олинди


1.jpgЎзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат мажлисида адлия органлари ва муассасалари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Адлия вазири М.Икрамов таъкидлаганидек, адлия органлари ва муассасалари томонидан ўтган давр мобайнида қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ҳисобот даврида 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 12 та қонун, 6 та Президент ҳужжатлари ва 19 та Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди. 1.933 та қонун ҳужжати лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 236 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатига олинди. 1.jpgАниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича вазирлик  ва идораларга 5.008 та тақдимномалар киритилиб, уларнинг 945 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди, 1.235 нафар шахсларнинг маъмурий, 10 нафар шахсларнинг эса, жиноий жавобгарликка тортилиши таъминланди. 4.357 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, 227 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Судларга киритилган 78 млрд. сўмга яқин даъво аризалари қаноатлантирилди. 1.751 та фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланиб, уларда 4.233 та иш ўринлари яратилди.

Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимларига нисбатан маъмурий жазоларни қўллаш борасидаги функция ва ваколатларини босқичма-босқич суд органларига ўтказиш ҳақидаги таклиф ҳам қўллаб-қувватланди.

1.jpgҲайъат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишлаб ўтказилган йиғилишидан келиб чиққан ҳолда адлия органлари ва муассасалари олдидаги вазифалар юзасидан фикр юритилди. Адлия органлари ва муассасаларининг қонун ижодкорлиги, суд ижро ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолиятини янада кучайтириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасини янада такомиллаштириш, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари кўламини кенгайтириш, юридик таълимнинг миллий рейтингини ошириш, инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлик ва шартномавий ҳуқуқий ишларда суд ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ўзаро ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш бўйича ходимлар масъулиятини янада ошириш, ФҲДЁ ва нотариат органларида ҳужжатлар билан ишлашда қонунийликни таъминлаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар атрофлича муҳокама этилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

1.jpgШунингдек, мажлисда Самарқанд вилоят ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари фаолиятини комплекс ўрганиш якунлари билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, мазкур адлия органлари томонидан амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, иш юритиш ва ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш, юридик хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, таъсир чораларини қўллаш каби йўналишларда айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Мажлисда мазкур адлия органлари раҳбарларнинг бу борадаги ахборотлари тингланди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.