Янгиликлар
Эрта турмушнинг олдини олиш
Сирдарё вилоят адлия бошқармасида “Эрта турмуш қуриш ва қариндошлик никоҳларининг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш”мавзусидаФҲДЁ органлари ходимлари ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалари бўйича маслаҳатчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича махсус ўқув-семинари ташкил этилди.
Эрта никоҳ ва унинг оқибатлари бугунги кунда ўта долзарб муаммо ҳисобланиб, бутун дунё тадқиқотчилар диққатини ўзига жалб қилиб келмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (UNICEF) миллионлаб болаларни кўз ёшларига сабаб бўлаётган бундай эрта турмушларга чек қўйишни талаб қилмоқда. UNICEF экспертларининг фикрича бир қатор мамлакатларда 18 ёшдан кичик қизларнинг эрта турмуш қуришига миллий этник урф-одатлар, камбағаллик ва эрта ҳомиладорлик мажбур қилмоқда.
Семинарда таъкидланганидек, статистик маълумотларга кўра, эрта никоҳ қурган оилаларнинг аксарияти ҳаётининг иккинчи ёки учинчи йилларидаёқ ажралиб кетади. Бундай ҳолатлар ёш оилаларда кўпинча тиббий, психологик, ижтимоий муаммолар пайдо бўлиши билан боғлиқ. Афсуски, кўпчилик ёш қизлар эрта ёшдаги оналик натижасидаги ҳомиладорлик ва туғруқ даври асоратланиши, ўлим эҳтимоли жуда юқорилиги ҳақида маълумотга тўла эга эмаслар. Ёш оналар орасида касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичлари юқори фоизни ташкил қилади. Бутун дунё бўйлаб 15 ёшдан то 19 ёшгача бўлган қизлар орасидаги ўлимнинг энг кўп тарқалган сабаблари эрта ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнидаги юзага келадиган асоратлар ҳисобланади. Эрта ҳомиладорлик нафақат ёш аёлнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, балки аёлнинг таълим олишида, жамиятдаги ўз ўрнини топишида тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Тадбирда бу борадаги камчиликларни олдини олишда маҳалла, таълим ва оила ҳамкорлигини янада кучайтириш, тарғибот тадбирларининг таъсирчан усулларидан кенг фойдаланиш лозимлигига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.