Янгиликлар
Тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлида
Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Республика Ҳарбий прокуратураси ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг ташаббуслари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Республика Ҳарбий прокуратураси, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари вакиллари, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутатлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчилари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари – Республика ҳарбий прокурори Ш.Узоқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Жўраев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг аниқ йўналишлари ишлаб чиқилгани, Ўзбекистон Республикаси томонидан барқарорликни таъминлаш, ташқи хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида ҳар томонлама пухта ташаббуслар илгари сурилганини қайд этди. Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган.
Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган сиёсат тинчлик ва ҳамкорликка асосланган ва асосий мақсади минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдир. Ўзбекистон халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг қулай геосиёсий ўрни, биринчи навбатда ўз миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда олиб бораётган, ҳар томонлама чуқур ўйланган, мустақил ва изчил ташқи сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши, халқаро майдонда обрў-эътиборининг ортиб боришини таъминлашга хизмат қилаётир.
Анжуманда хавфсизликка нисбатан бўладиган ҳар қандай таҳдид мамлакатимиз тинчлиги, барқарорлигига, ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, инсон маънавиятига, саломатлиги ва ҳаётига, атроф-муҳит мусаффолигига катта хавф туғдириши алоҳида қайд этилди.
Тадбирда халқаро терроризм ва бошқа трансмиллий таҳдидларга қарши кураш борасида маҳаллий давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан жойларда ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.