Янгиликлар
Янги қонунлар моҳияти
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бўлими томонидан Боёвут туман Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида “Обод турмуш йили” Давлат дастури ҳамда унинг ижроси бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун моҳиятига бағишлаб давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур тадбирда, сўзга чиққанлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги қарори билан “Обод турмуш йили” Давлат дастури тасдиқланганлиги, ушбу дастур авваламбор, халқимизнинг турмуш даражасини янада юксалтириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш, миллатлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг ўсишини таъминлаш, иш ўринларини ташкил қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилганлиги, шунингдек, дастур доирасида бир қатор қонун ҳужжатлари лойҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Жумладан, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ҳақида ҳам тадбир иштирокчиларига тегишли маърузалар асосида батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тадбир якунида “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган бошқа вазифалар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти бўйича фикр юритиб, жумладан, давлат Дастури доирасида қабул қилиниши кўзда тутилган “Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шерикчилик тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларини қабул қилишнинг ижтимоий зарурати, кутилаётган натижалар ва бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.