Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Янги “Юридик адабиётлар” дўкони иш бошлади


Ҳуқуқий маданият - демократик жамият пойдевори. Мамлакатимизнинг тараққиёти ва ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражаси, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмунини англаб етиши ва уларга амал қилиши билан бевосита боғлиқ.

1.jpg

Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти томонидан янги нашрдан чиққан ҳуқуқий адабиётлар тақдимотига бағишланган тадбир ўтказилди.

Маросимда таъкидланганидек, шиддат билан ўзгараётган замон, глобаллашув жараёнлари ва ахборот асрига ҳамқадам бўлиб яшаш ва ишлаш учун ҳар бир фуқаронинг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий жиҳатдан маърифатли бўлиши талаб этилади. Мамлакатимизда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган миллий дастур асосида тизимли фаолият олиб борилмоқда.

Хусусан, ҳозирда юртимизда ҳуқуқ сохасига ихтисослашган 5 та журнал ва 40 дан зиёд газета кўп минг нусхада чоп этилмоқда. Давр талабидан келиб чиқиб ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти йўлга қўйилди. “Lex.uz”да 37 мингдан ортиқ норматив-хуқуқий ҳужжат жамланган. Ундан кунига 12 мингдан зиёд юридик ва жисмоний шахслар бепул фойдаланмоқдалар.

“Адолат” нашриёти республикамизда ҳуқуқий адабиётларни нашр этишга ихтисослаштирилган ягона нашриёт ҳисобланади. Адлия вазирлиги тизимининг маърифий тармоғи сифатида 1992 йил 8 январда Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган нашриёт ҳуқуқшунос кадрларни юридик адабиётлар, дарсликлар, халқ оммасини эса турли қўлланма, рисолалар билан таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини янада ошириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида хизмат қилиб келмоқда.

Илк фаолиятини Президент фармонларини чоп этишдан бошлаган нашриёт тобора ўз мавзу-мундарижасини бойитиб, ҳуқуқий-маърифий, бадиий-детектив асарлари билан халқимиз ҳаётига чуқур кириб борди. Нашриёт мустақил Ўзбекистон Конституциясининг яратилиши ва унга шарҳлардан тортиб, мамлакатимиз барча соҳаларини қамраб олган қонунлар, кодексларни тезкорликда чоп этиб, халққа етказишда ташаббускор бўлди.

Ўтган қарийб 25 йил мобайнида нашриёт 700 дан ортиқ номланишда 8 миллион нусхадан зиёд адабиётларни китобхонларга тақдим этди.

Биргина ўтган 2015 йилда “Адолат” томонидан жаъми 49 номдаги 88 минг нусха китоб чоп этилган.

1.jpg

Нашриёт фаолиятига оид яна бир янгилик шундан иборатки, эндиликда китобхонлар “Адолат”нинг нашрларини унинг ўз дўконидан ҳарид қилишлари мумкин.

Замонавий талабларга жавоб берадиган масканда иш бошлаган “Юридик адабиётлар” дўкони китоб жавонларидан нафақат ҳуқуқий мавзудаги нашрлар, юридик адабиётлар, ҳуқуқий фанлар ва предметлар бўйича янги авлод дарсликлари, оммабоп рисолалар балки республикамиздаги етакчи нашриётлар томонидан чоп этилган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари, бадиий, тарихий, илмий-маърифий китоблар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари, бошқа турли мавзулардаги адабиётлар ҳам ўрин олган. Китоб дўконида улар билан танишиш, ўзингизга маъқул ва керакли адабиётларни танлаш ва хатто мутоала қилиш учун барча қулайликлар яратилган.