Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Давлат дастурининг қонунчилик асослари


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ягона режа ижроси юзасидан ўтказилган тадбир “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг қонунчилик асослари” мавзусига бағишланди. Унда мазкур давлат дастурининг мазмун-моҳияти, йўналишлари, унда белгиланган вазифалар кўлами, уларни амалга ошириш учун ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

1.jpg

Анжуман аввалида таъкидланганидек, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилди. Бунинг самарасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда.

Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилинган жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, янада кенгайтирилади. 2016 йил 9 февралда Президентимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди. Унда “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни жамиятимизда теран англаш ва қарор топтириш, оилани, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, оила институтини мустаҳкамлашда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган. Оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш Адлия вазирлигига юклатилган.

Унга асосан, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга йўналтирилган 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шундан, 4 та қонун, 9 та Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси, 1 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасидир.

Тадбир иштирокчиларига бу тўғрида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг ваколатларини тартибга солишга қаратилган нормаларни белгилаган.

“Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, таркибида генетик модификация қилинган организмлар (ГМО) бўлган истеъмол товарларини олиб кириш ва истеъмол қилишни чеклаш, шунингдек болаларнинг озиқ-овқатларига уларни қўллашга таъқиқни киритишга қаратилган нормаларни назарда тутади.

Бундан ташқари, Давлат дастурида болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом оилада яшаш ва тарбия олиш ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ва етим болалар ҳамда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга васийлик (ҳомийлик) белгиланишини рад қилувчи касалликлар тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

1.jpg
Шунингдек, ривожланишида нуқсони бўлган болаларни интернатларга жойлаштиришнинг олдини олиш мақсадида, “Мурувват” болалар интернат-уйлари ҳузурида, бошқа давлат ва нодавлат таълим муассасаларида ривожланишида нуқсони бўлган болаларни оилага ва оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқларини, бир вақтнинг ўзида уларнинг реабилитацияси ва ижтимоий мослашувини, комплекс психологик-педагогик, тиббий-социал ёрдам оладиган оилавий маънавий қадриятларни асраб-авайлашни таъминлаш имконини берадиган ногирон болалар учун кундалик парваришлаш марказлари (гуруҳлари)ни ташкил этиш кўзда тутилган.

Матбуот анжуманида дастурнинг бошқа бўлимлари бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан амалга оширилаётган қонун ижодкорлиги жараёни юзасидан ҳам умумий маълумот берилди. Журналистлар ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга масъул вазирлик идораларнинг тадбирда иштирок этаётган вакилларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

Мулоқотларда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан мутахассислар ва экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам ўртага ташланди.