Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 225-00-93

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Қонун билимдонлари аниқланди


Нукусда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Адлия, Ички ишлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида коллеж ва академик лицей ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг мамлакат босқичи якунланди.

Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичларида ғолиб чиққан 14 жамоа иштирок этди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов жамиятда қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунларига ҳурмат, Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

2012-2013 ўқув йилида мамлакатимиз бўйича 30 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар мазкур танловда фаол иштирок этиб, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини оширди.

Танловда ўқувчилар ўзлари яшаётган ҳудудлар, таълим олаётган ўқув даргоҳларининг тарихи ва бугуни ҳақида сўз юритдилар. Жамоалар аъзолари ва сардорларининг ҳуқуқий, сиёсий билими, дунёқараши Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари, мамлакатимиз Конституцияси, турли қонун ва соҳага оид кодекслар бўйича савол-жавоблар асосида синовдан ўтказилди.

– Танлов жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, миллий қонунчилигимиз бўйича билим ва тушунчалари ёрқин намоён бўлди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. – Уларнинг интилиши ва салоҳияти қатъий мезонлар асосида баҳоланди.

Танловда биринчи ўринни Нукус ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Адолат қалқони” жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳар Саъди Сирожиддинов номидаги академик лицейнинг “Адолат”, учинчи ўрин эса Андижон вилоятидаги Булоқбоши педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг “Фемида” жамоаларига насиб этди.

Ғолиб жамоаларга махсус дипломлар, қимматбаҳо совғалар топширилди. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.