Янгиликлар
Мутахассислик-сенинг келажагинг
Мамлакатимизда умумтаълим мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш ҳамда уларни Республикамизда фаолият юритаётган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлардаги мавжуд мутахасисликлар билан яқиндан таништириш ва ўзлари орзу қилган касбларини ташлашда кўмаклашиш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сирдарё вилоят Кенгаши, вилоят Халқ таълими бошқармаси, Ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармалари билан ҳамкорликда имзоланган қўшма қарорга биноан “Мутахассислик-сенинг келажагинг” касблар кўргазмаси ташкил этилди.
Мустақилликка эришганимиздан сўнг давлатимиз томонидан ёшларни қўллаб қуватлаш ва уларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ўз истеъдодларини рўёбга чиқаришда тўсиқларни бартараф этиш юзасидан халқаро ҳуқуқнинг умумэтироф этилган қоидаларини инобатга олган ҳолда мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.
Жумладан, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда асосий ҳужжат бўлган “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун муҳим рол ўйнайди.
Хусусан, кўплаб хорижий мамлакатлар таълим тизимида учрамайдиган ўн икки йиллик бепул мажбурий таълимнинг жорий қилинганлиги бунинг яққол мисолидир. Шунингдек, кўргазмада иштирок этган умумтаълим мактабларининг битирувчилари ва уларнинг ота-оналарига ҳам мавжуд касб-ҳунар коллежлар ва академик лицейларнинг вакиллари томонидан яратилган қулай имкониятлар ва имтиёзлари ҳамда эришган ютуқлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Мазкур кўргазмада, умумтаълим мактабларининг битирувчилари, касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳамда тегишли муассаса ва ташкилотлар иштирок этдилар. Кўргазмада туман ва шаҳар касб-ҳунар коллежлари ўзлари яратган турли хил касбга йўналтирилган кўргазмаларини намойиш этдилар.
Кўргазма турли наминациялар асосида ташкил этилди. Шунингдек, унинг якунида наминациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.