Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

РЎЙХАТДАН ЎТИШ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Зангиота туманида анжуман ташкил этилди.

1.jpg

Тадбир “Ягона дарча” давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолиятининг тартиб-тамойилларини жойларда тушунтириш бўйича режалаштирилган минтақавий семинарлар дастури доирасида ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди. Шу муносабат билан айни пайтда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бир қатор учрашувлар доирасида марказларни ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори ижросини таъминлаш ҳамда энг қулай ва осон иш механизмларни жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Зангиота туман “Ягона дарча” марказида ўтказилган мазкур амалий семинарда ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари ходимлари, манфаатдор ташкилотлар вакиллари ҳамда вилоятнинг бир гуруҳ тадбиркорлари иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, “Ягона дарча” марказларининг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосланган.

Режага кўра, мазкур марказлар шаҳар, туман ҳокимликлари ҳузурида мавжуд бўлган 193 та тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича инспекциялар негизида яратилади. Бутун республика бўйлаб мазкур инспекцияларда тегишли ўзгартиришлар жорий этилиб, уларга аниқ вазифа ва мажбуриятлар юклатилди. Улар учун электрон маълумот тизими асосида бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ механизм ҳам ишлаб чиқилди. Мазкур марказларнинг барқарор равишда ишлашини таъминлаш мақсадида тегишли молиялаштириш чора-тадбирлари ҳам кўрилди.

Айни пайтда “Ягона дарча” марказларининг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, давлат органлари билан боғланиш бўйича тартибини изоҳлаб бериш, моддий техника ва юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ва бошқа тегишли масалалар бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бир қатор манфаатдор идоралар томонидан ушбу масалаларни ҳал этувчи ҳуқуқий-меъёрий база яратилди. Бунда “Ягона дарча” марказларида самарали хизмат кўрсатиш юзасидан вазирликлар, турли идоралар ўз тавсиялари билан қатнашди. Бу йўналишдаги барча ишларни мувофиқлаштириш, марказлар фаолиятини кенг тарғиб қилиш Адлия вазирлигига юклатилган.

Амалга оширилган кенг қамровли чора тадбирлар натижасида “марказлари тегишли тартибда жихозланди, керакли мутахассислар билан таъминланди. Бугунга келиб республикамиз буйича 193 та “Ягона дарча” марказлари фаолият бошлашга тайёр турибди. Эндиликда бир қатор давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилишини айтиб ўтиш муҳим. Бу орқали махсус давлат хизматлари рўйхатида белгиланган хизматларни кўрсатиш ва тегишли аризаларни кўриб чиқишда давлат идораларининг мижозлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишини таъқиқлаш, шу билан бирга “Ягона дарча” марказлари орқали ариза юборишда ҳудуд ва бошқа сабаблар туфайли юзага келувчи чекловларни бартараф этиш мақсад қилинган.

1.jpgУчрашув иштирокчилари Зангиота туман “Ягона дарча” марказининг имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Унда амалга ошириладиган маъмурий жараёнларнинг соддалаштирилганлиги, тадбиркорларга бир жойда давлат хизматларини кўрсатишда амалий қулайлик яратилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Тадбиркорлар учун “Ягона дарча” марказларининг иш тартиби ниҳоятда содда бўлиши кўзда тутилган. Марказларда электрон навбат тизими жорий этилиб, тегишли аризалар марказнинг масъул ходими – оператори томонидан кўриб чиқилиши тартибини белгилаб беради. Оператор мижозни қабул қилиб, лозим бўлса тегишли ҳужжатларни тўлдиришга ёрдам беради ва унинг аризасини рўйхатга қўяди. Кейинги босқичда ариза автоматик равишда тегишли давлат идораси, муассасасига йўналтирилади. Аризага жавоб ҳам шу марказнинг ўзида тақдим этилиб, аризачи керакли давлат идорасига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши эҳтиёжи қолмайди. Шунингдек, аризачи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат этиш имкониятига эга.

Ишчанлик, жонли мулоқот асносида ўтган анжуманда Адлия вазирлиги масъул ходимлари ва фаолияти “Ягона дарча” марказлари билан боғлиқ ташкилот ва муассасаларнинг тажрибали мутахассислари тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга жавоб бердилар.