Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

АКТни ривожлантириш истиқболлари


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Оммавий Ахборот воситалари вакилларига Адлия органлари тизимида ахборот коммуникация технологияларни ривожлантириш бўйичаамалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар хусусида батафсил маълумот тақдим этилди.

1.jpg

Анжуманда қайд этилганидек, вазирлик тизимида замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва ривожлантириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш ўринлики, вазирлик ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази томонидан амалга оширилган бу борадаги дастлабки лойиҳа 2007 йил 1 июлдан Қонун ҳужжатлари миллий базаси “www.lex.uz” сайтининг он-лайн тизимда фаолият кўрсата бошлаганлиги бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига биноан, аҳолини қонун ҳужжатлари билан энг мақбул тарзда хабардор қилиш имконини берадиган ушбу тизим 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб фойдаланувчилар учун бепул этиб белгиланди.

Ҳозирги кунга қадар ушбу тизимга 36 мингдан ортиқ норматив-хуқуқий ҳужжатлар ўзбек ва рус тилларида жойлаштирилган. Ундан фойдаланувчилар сони қарийб 44 мингтани ташкил этади. Бир кунда эса тизимга 10 мингдан зиёд фойдаланувчи мурожаат қилади. Мамлакатимизнинг энг чекка қишлоқларида яшовчи фуқаролар ҳам интернет орқали “Lex.Uz”га кириб, янги қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ва бошқа ҳужжатлар билан танишишлари мумкин.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тизимдан бир қатор хориж давлатларидан фойдаланувчилар ташриф буюрмоқдалар.

Ҳозирда “LexUz” нинг дастурий таъминотини такомиллаштириш, маълумотлар базасидаги ҳужжатлар сони ва сифатини янада яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Бугунга келиб “LexUz” тизимига 1200 га яқин халқаро шартномалар, битимлар, конвенциялар ва бошқа халқаро ҳужжатлар киритилган. Тизим маълумотлар базасига суд ҳужжатларини жойлаштириш ишлари бошланди.

1.jpg

Маълумотлар базасида ҳужжатларни излаш тизими янгиланди. Замонавий ҳамда оммабоп “аndroid” тизимли мобиль телефонларда ишлаш учун махсус дастурий восита ишлаб чиқилди. Янгиланиш натижасида тизим фойдаланувчилари янада ошди. Айни пайтда уларнинг сони бир ойда 150 мингдан зиёдни ташкил этаётир. Замонавий технологиялар аҳолига юридик хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам татбиқ этилмоқда.

Шу ўринда анжуман иштирокчилари эътиборига бир қатор янги лойиҳалар ҳавола этилди. Жумладан, ФҲДЁ органларида “Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувлари ягона электрон архиви” яратилмоқда. Бунинг аҳамияти шундаки, туғилганлик, никоҳ тузганлик билан боғлиқ маълумотлар ёки яқин кишиларнинг вафотига оид ҳужжатларни қидириш учун энди соатлаб вақт кетмайди. Электрон архив орқали уларни бир лаҳзада топиш мумкин. Нотариуслар томонидан кўрсатилаётган хизматларни тартибга солишга қаратилган “Нотариал ҳаракатлар ҳисоби” электрон дастури фуқароларнинг вақтини тежашга имкон яратади. Вазирлик веб-сайтига жойлаштирилган бу тизим орқали фуқаролар нотариал идорага боришдан олдин нотариал ҳаракатлар учун харажатларни, яъни давлат божи, ҳуқуқий хизмат ҳақи ва ҳоказоларни бевосита ўзи ҳисоблаши мумкин.

“Justice” электрон ҳужжат айланиш тизими фаолияти йўлга қўйилиши иш тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва назоратни тизимли йўлга қўйиш имконини берди. Ҳудудий адлия идораларининг бу тизимга улангани соҳадаги фаолиятни янги босқичга кўтарди, қоғоз сарфи кескин қисқариб иқтисодий самарадорликка замин яратилди.

Бундан ташқари, вазирлик тизимида тадбиркорлар манфаатини таъминлашга қаратилган дастурий маҳсулотлар ҳам амалиётга жорий этилган. Жумладан, “Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон тизими” жорий этилгани тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг зудлик билан олдини олишга хизмат қилмоқда.

1.jpg

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган шахслар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш юзасидан интернет тармоғи орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин. Бу уларга зарур қулайлик яратган ҳолда, бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда муҳим омил бўлмоқда.

Тадбирда вазирликнинг веб-сайти тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Унда вазирлик фаолияти билан боғлиқ барча маълумотлар киритиб борилмоқда. Сайтда жумладан, интерактив хизматлар, Вазирликка мурожаат қилиш, Халқаро ҳмкорлик, Қонунчилик, Нашрлар ва мақолалар бўлимлари мавжуд.

Мулоқотда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга юзландилар. Кўтарилган барча масалаларга ойдинлик киритилди.

Анжуман қатнашчиларининг фикрига кўра, биринчи манбаадан олинган маълумотлар, далиллар ва рақамлардан соҳага ахборот коммуникация технологияларини жорий этишга доир босма ҳамда электрон материалларни тайёрлашда кенг фойдаланилади.