Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Хусусий мулк-дахлсиз


1.jpgЎзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Хусусий мулк-дахлсиз, тадбиркорлик фаолияти давлат муҳофазасида” мавзуида анжуман ташкил этилди.

Ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек хусусий сектор вакилларини бир даврага жамлаган тадбирда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувларни янада чеклаш борасида сўнгги йилларда мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва уларни амалиётда қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Анжуман аввалида Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида кўтарилган масалаларга эътибор қаратилди.

Хусусан, мамлакатимизда қонунийлик ва қонун устиворлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш, мулкдорлар, кичик бизнес эгалари ва тадбиркорларнинг йўлини бундан-да кенгайтириб берадиган қонун ва қарорларни, тадбирларни ҳозиргидан-да кўпайтириш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш, қонунларни ҳаётга жорий этиш механизмларини ҳар томонлама пухта ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан этиб белгилангани тадбир қатнашчиларининг муҳокама этилаётган мавзуга теранроқ ёндошишларига катта туртки берди.

Анжуманда мамлакатимизда ахборот коммуникация технологияларини ривожланиши доирасида Адлия вазирлигининг янги лойиҳаси – “Текширишларни руйхатга олиш китобининг электрон шакли” жорий этилиши билан боғлиқ тартиб-таомиллар иштирокчилар эътиборига тақдим этилди. Мазкур он-лайн тизими ёрдамида тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мумкин бўлади. Яъни, эндиликда ўтказилаётган ҳар бир текширишни Адлия вазирлиги томонидан бевосита назорат қилиб бориш ва қонунийлигини таъминлаш имконияти яратилди. Учрашувда ушбу он-лайн тизим, ундан фойдаланиш тартиби ҳамда мониторинги хусусида тушунтириш берилди.1.jpg

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида яратилган “Текширишларни рўйхатга олиш китобининг он-лайн тизимига кириш etk.minjust.uz электрон манзил орқали электрон рақамли имзо ёрдамида амалга оширилади.

Адлия вазирлиги томонидан текшириш жараёни бўйича тўлиқ назорат ўрнатилади ва ноқонуний текширишга йўл қўйган шахсларга жазо муқаррарлиги таъминланади.

Назорат қилувчи органлар шуни унитмаслиги керакки, китобни тўлдирмаслик ёки уни тўлдиришдан бош тортиш текширишлар тартибини бузиш ҳисобланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлигига сабаб бўлади.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа ортиқча вақтни тежайди, қоғоз ва бошқа харажатлар сарфини камайтиради.

Шу ўринда анжуман иштирокчилари сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш масалалари билан бир қаторда тадбиркорлар фаолиятига аралашувларни янада чеклашга қаратилган меъёрлар тўғрисида мулоҳаза юритдилар.

Хусусан, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тартиблари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш натижасида назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказиш кескин қисқартирилди.

Бундан ташқари Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилиши қайд этилиб, ҳар қандай текшириш албатта ушбу ваколатли органнинг тегишли рухсати билангина ўтказилиши белгиланди.

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилиши, уларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларининг эса фақат суд тартибида қўлланилиши мустаҳкамланди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 20 августида қабул қилинган Қонун тадбиркорликнинг янада ривожланиши ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатли ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу қонунга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг барча жиҳатларига таъллуқли 40 дан ортиқ меъёрий–ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

1.jpgТадбир қатнашчилари диққатига бир неча далил ва рақамлар тақдим қилинди. Биргина адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда 2015 йилнинг 9 ойи давомида назорат қилувчи органлар томонидан 151 нафар тадбиркорнинг фаолияти ноқонуний текширилгани, ҳамда 1514 та ҳолатда текширишлар ўтказиш тартиблари бузилганлиги аниқланган.

Анжуманда мазкур қонун ҳужжатларининг моҳияти, текширишлар тартибларига оид қоидалар хусусида батафсил маълумот берилди. Ноқонуний аралашувларнинг олдини олишда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг жорий этилган электрон шакли таъсирчан механизм булиши қайд этилди..

Муҳокамаларда назорат қилувчи органлар масъул ходимлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъий риоя этиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар томонидан белгиланган талаблар даражасида иш олиб борилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорларнинг давлат органларига нисбатан ишончи ортиши ва ўз навбатида иқтисодиётдаги улушининг янада кўпайишига хизмат қилиши эътироф этилди.