Янгиликлар
Менинг бизнес ғоям
Ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш ва турли тўгараклар, ижтимоий ёрдам марказлари, клублар ташкил қилиш орқали ёшларни касбга йўналтириш, янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, бу борадаги қобилиятларини ривожлантиришга, бозор иқтисодиёти тамойилларини ўрганишларига ва ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишларига, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашиш шунингдек амалий ёрдам кўрсатиш “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг дастурий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошчилигида Микрокредитбанк, Агробанк, Қишлоқ қурилиш банк ОАТБлар, ҳамда Ипотека банк АТИБ лар билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан:Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, касаначиликни фаоллаштириш ҳамда уларга микромолиявий хизматлар кўрсатиш орқали янги иш ўринларини яратиш, ва бизнесини йўлга қўйишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси, “Микрокредитбанк” ОАТБ, “Ипотека банк” АТИБ, “Қишлоқ қурилиш банк” ОАТБ, “Агробанк” ОАТБлар билан ҳамкорликда 2012 йилдан бошлаб “Менинг бизнес ғоям” танлов ташкил қилинди.
Мана шундай эзгу-ғояларни ўз ичига олган ушбу тадбирнинг вилоят босқичи Гулистон шаҳридаги “Етакчи” ёшлар марказида ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур танлов вилоят миқёсида 3 босқичда ташкил қилинди. Танлов босқичида 1150 нафардан зиёд касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчилари иштирок этди. Танловнинг 2-босқичида 750 нафар ёш тадбиркорлар учун ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган ўқувлар ташкил қилинган бўлса, 3-босқичида қатнашган 45 нафар битирувчилардан бизнес лойиҳалари ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан кўриб чиқилди. Тадбир сўнгида ғолибларга танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификат билан тақдирландилар.