Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдевори


1.jpg

Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан “Мамлакат тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд ҳокимияти, адвокатлар корпуси вакиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Шайхонтоҳур академик лицейи ўқувчилари иштирок этдилар.

Ҳар қандай давлатнинг обру-эътибори унинг Конституцияси хисобланади. Бош қомусимиз қабул қилингандан бери ўтган давр мобайнида биз эришган, халқимиз ва дунё ҳамжамияти тан олган катта ютуқ ва марралар Конституциямизнинг асосига қурилган, чуқур ва пухта уйланган сиёсатнинг самараси десак муболаға булмайди. Ишонч билан айтиш мумкинки, асосий қонунимиз бугунги кунда барчамиз учун мўътабар ижтимоий-ҳуқуқий қадриятга айланди. Унинг беназир нуфузини, ҳаётбахш кучини, жамиятни барқарорлаштирувчи таъсирини ҳаммамиз кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Конституция халқни улуғвор вазифаларни ҳал этишга сафарбар этувчи куч, унинг тинч ва осойишта ҳаётининг ҳуқуқий замини сифатида намоён бўлмоқда.

1.jpg

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Конситуцияси Олий юридик кучга эга қонун сифатида давлатимиз қиёфасини, унинг ижтимоий-иқтисодий негизини, бошқарувнинг демократик принципларини, жамият тараққиётининг устивор соҳаларини белгилаб берди. Конституциянинг ҳар бир қоидасини жамиятда умумий барқарорликни таъминлаш ва мамлакат тараққиётини кафолатлаш нуқтаи назаридан талқин этиш мумкин. Мустақиллигимизнинг илк давридан то ҳозирги кунгача юртимизда тинчлик, миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ҳукм сураётгани кўп жиҳатдан асосий қонунимизнинг ҳаётимизга изчил татбиқ этилаётгани билан бевосита боғлиқдир. Бугун биз Ўзбекистон Конституцияси инсон учун яратилди, у инсон манфаатлари, жамият тараққиёти учун хизмат қилмоқда дейишга тўла ҳақлимиз.

Адлия органлари томонидан “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” доирасида жойларда ташкил этилаётган тадбирларда Конституциямиз асосида мамлакатимиз эришган улуғвор марралар эътироф этилмоқда.

Мамлакатимиздаги тинчлик барқарорликнинг қадрини айниқса бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган урушлар, хунрезликларни кўриб янада теранроқ англаш мумкин. Ана шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатининг хуқуқий пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз ҳозирда мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг асоси, жамият манфаатларининг кафолати бўлиб майдонга чиқмоқда.

Учрашувда сўз олганлар асосий қонунимизнинг ҳаётийлигига оид мисолларни келтирдилар. Ёшларнинг чиқишларида ҳам юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёш авлоднинг таълим-тарбияси, Ҳукуматимиз томонидан уларнинг салоҳиятини юзага чиқаришга йўналтирилган ишлар маърифий тадбир бадиий қисмининг бош мавзуси бўлди.

1.jpg

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизнинг ҳар бир бандида асрлар давомида шаклланган миллий тафаккур, муқаддас қадриятларимиз ўз аксини топган, унинг сатрларига миллатимизга хос бўлган одамийлик, бағрикенглик, олийжаноблик саховатпешалик каби улуғ фазилатлар тенглик, биродарлик, миллатлараро дўстлик сингари умуминсоний қадриятлар билан уйғунликда сингдирилган.

Анжуман қатнашчилари эътироф этганларидек, йиллар ўтган сари биз ушбу тарихий ҳужжатнинг давлатимиз ҳамда жамиятимиз ҳаётида тутган бебаҳо ўрни ва аҳамияти, ҳар бир фуқаро тақдирига дахлдорлигини янада теранроқ ҳис қиламиз. Бош қомусимиз ва унинг асосида қабул қилинган қонунларга оғишмай амал қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаши, улардан самарали фойдаланишига эришиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, таълим муассасалари, бир қатор жамоат ташкилотларининг устувор вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди.