Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Қонун ижодкорлигини такомиллаштириш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида қонун ижодкорлигини такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда парламент аъзолари, ҳуқуқшунос олимлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари масъул ходимлари, юридик хизмат мутахассислари иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда миллий қонунчилик аксослари такомиллаштириб борилмоқда. Энг муҳими - қабул қилинаётган норматив-хуқуқий ҳужжатларнинг конституцияга, жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлиши изчил таъминланаяпти.

Қонун ижодкорлиги бир неча босқичдан иборат бўлган мураккаб жараён. Бунда турли касб эгаларининг қонуншунослар билан биргаликдаги изланишлари мужассам. Ушбу жараёнда улардан нафақат кўп меҳнат, балки юқори ақлий салоҳият, бой ҳаётий тажриба ва жамият ҳамда давлат манфаатлари уйғунлигини таъминлайдиган таҳлилий, айни пайтда ижодий ёндошув талаб этилади. Ана шу нуқтаи назардан соҳа мутахассисларининг билим ва малакаларини юксалтириш, уларни тегишли янгиликлардан хабардор қилиб бориш Ҳукуматимизнинг доимий эътиборидадир.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис қуйи ва юқори палаталари Кенгашларининг жорий йил 15 сентябрдаги “Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда қонунчилик ташаббуси субъекти вакилларининг иштирок этиш тартиби тўғрисида”ги Низоми ҳамда “Қонун лойиҳаси тайёрланаётганда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатлари қоидаларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шунингдек уни амалиётга татбиқ этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Аввало, қонунчилик ташаббуси субъектлари хусусида сўз юритсак. Мамлакатимиз Конституциясининг 83-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокурори қонунчилик ташаббуси субъектлари ҳисобланади.

Энди бевосита ўрганилаётган ҳужжатларга тўхталсак, унда бир қатор янги тартиблар жорий этилмоқда.

Хусусан, унда Қонунчилик ташаббуси субъектининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгилаб берилган. Жумладан, лойиҳани тайёрлаш ва уни қуйи палатада муҳокама этишда қатнашадиган вакиллар таркибини тасдиқлайди. Бунга давлат ва хўжалик бошқарув органлари, илмий ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахслари ва масъул ходимлари, олимлар, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқаролар киради. Вакилларнинг раҳари тайинланади. Низомда вакил ва вакилларнинг ваколатлари, қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғидаги иштироки билан боғлиқ вазифалари батафсил белгилаб берилган.

Учрашувда қонун лойиҳаси тайёрланаётганда халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонун ҳужжатларининг қиёсий таҳлилини ўтказиш услубиётининг асосий қоидалари хусусида ҳам маълумот берилди. Қўшма қарорда қайд этилишича, қиёсий таҳлилни амалга ошираётганда БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳуқуқий ҳужжатлари, Ўзбекистон имзолаган халқаро шартномалар, ривожланган хориж давлатларининг қонунлари, уларни қабул қилиш, ижросини таъминлаш борасидаги тажрибалари, чет эл олимлари, экспертларининг мазкур норматив ҳужжатлар тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари ўрганилиши лозим.

Семинар иштирокчилари ҳар иккала масала юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан экспертларга мурожаат қилдилар. Уларнинг фикрича, олинган маълумотлар қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама этиш, қабул қилинадиган қонунларнинг пишиқ-пухта ва ҳаётийлигини таъминлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ташкилотчилар бу мавзудаги туркум семинарлар барча вазирлик, ташкилот ва муассасалар масъул ходимларини қамраб олишини эътироф этмоқдалар.