Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Идоравий норма ижодкорлигининг ҳуқуқий аҳамияти


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Идоравий норма ижодкорлигининг ҳуқуқий аҳамияти” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташқари бир қатор вазирлик ва ташкилотларнинг шу соҳага масъул мутахассислари иштирок этдилар.

1.jpg

Анжуманда қайд этилганидек, вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар миллий қонунчилик тизимида алоҳида аҳамият касб этади. Экспертларнинг хулосаларига кўра бундай ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бир неча босқичдан иборат мураккаб жараён. Ташкилий тадбирлар, зарур маълумотлар тўплаш, катта ҳажмдаги таҳлилий ишлар, лойиҳани тайёрлаш ва уни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш шулар жумласидандир. Мазкур вазифаларни талаб даражасида бажариш эса юридик хизмат ходимлари зиммасига улкан вазифалар юклайди. Республика Адлия вазирлиги ва унинг қуйи тизимлари томонидан ушбу фаолият устидан доимий назорат олиб борилмоқда. Қайд этиш лозимки, ўтган йиллар мобайнида ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштириб борилди.

Хусусан, 2012 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда ҳам мазкур соҳага оид янги меъёрлар белгиланди.

Жумладан, унда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланди.

Шунингдек, Қонунда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик алоҳида моддада белгилаб берилди.

Бундан ташқари, Қонуннинг 27-моддасига кўра, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилди. Бундай ёндашув вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги соҳасидаги масъулиятини янада оширишга қаратилган муҳим янгилик бўлди.

Шу билан бирга, давлат рўйхатидан ўтказилмаган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги ҳам Қонунда ўз ифодасини топди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, мазкур хужжат билан ҳуқуқий экспертизанинг иккита янги тури жорий этилди.

Улардан биринчиси, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда уларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган қоидалар ва нормалар мавжудлигини аниқлашдан иборат.

Иккинчиси эса, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар келтириб чиқарувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар мавжудлигини аниқлашга қаратилган.

Ҳуқуқий экспертиза натижасида идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг юқорида айтиб ўтилган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган тақдирда, уни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан белгиланган тартибга риоя этилмаслик оқибатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмоқда.

Анжуман қатнашчиларининг эътиборига айрим далил ва рақамлар ҳавола этилди.

2015 йилнинг 9 ойи давомида Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун 388 та ҳужжат тақдим этилган бўлса, уларнинг қарийб 21 фоизини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилган.

Шу билан бирга таъкидлаш лозимки, Адлия вазирлиги вазирлик ва идоралардан уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қонунчиликка мувофиқ ҳолга келтиришни талаб қилишга ҳақли. Вазирлик ва идоралар ушбу ҳолда ўн кун муддатда ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги ўзгартириш ва қўшимчаларни Адлия вазирлигига тақдим этишга мажбурдир.

Хусусан, 2015 йилнинг 9 ойи давомида вазирлик ва идораларга давлат рўйхатидан ўтказилган 203 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунчилик асосида қайта кўриб чиқиш тўғрисида 58 та тақдимномалар киритилган.

1.jpg

Таъкидлаш ўринлики, эскирган ва ноқонуний нормаларни ўз ичига олган идоравий ҳужжатларнинг амалда бўлмаслигини таъминлаш мақсадида, тегишли меъёрий ҳужжатлар Давлат реестридан чиқарилади. Бу эса, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юридик кучга эга эмас деб ҳисоблаш учун асос бўлади.

Мутахассислар соҳага оид мавжуд камчиликларни бартараф этишда юридик хизмат ходимлари учун жойларда ташкил этилаётган сайёр семинарлар, давра суҳбатларини таъсирчан омиллардан бири деб ҳисоблайдилар. Ушбу тадбирларда адлия органлари ходимлари томонидан муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ тавсия ва кўрсатмалар бериб келинмоқда. Шунингдек матбуот анжуманида норматив хуқуқий ҳужжатларларни қабул қилиш баробарида, уларни расмий эълон қилиш, манфаатдор шахслар эътиборига етказиш ҳам жиддий масала эканлигига урғу берилди.

Учрашув иштирокчилари соҳадаги янгиликлар, юридик хизматлар фаолиятини янада такомиллаштириш, айниқса маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлардан аҳолининг хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини алоҳида эътироф этдилар. Мулоқотларда ҳамкорликнинг янги йўналишлари, соҳага оид долзарб мавзулар белгилаб олинди.