Янгиликлар
Одам савдоси - давр муаммоси
Вилоят адлия бошқармасида “Одам савдоси давр муаммоси” мавзусида Адлия бошқармаси масъул ходимлари, туман ва шаҳар ДНИ нотариуслари ва ФҲДЁ бўлими мудиралари ҳамда Ички ишлар бошқармаси масъул ходими иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан 2015 йилнинг 6 ойи давомида 136 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, ўтказилган тадбирларда тингловчилар сони жами 5978 нафарни ташкил қилди.
Ўзбекистон Республикасида демократия инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган умуминсоний тамойилларга асосланиши, унга кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазийқларга дучор этилиши мумкин эмаслиги, одам савдосига қарши кураш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар Конституциямизда белгиланган ушбу нормаларга тўлиқ мос келиши, одам савдосига қарши курашишнинг қонуний тартибга солиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда самарали воситаси ҳисобланиши қайд этилди.
Одам савдосига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар самарадорлигини ошириш умуминсоний қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва демократик принципларнинг юзага чиқишида катта аҳамият касб этиши таъкидланди.