Янгиликлар
Ҳуқуқий ишлар самарадорлигини ошириш
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ташаббуси билан ҳудудий адлия органларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати ходимлари иштирокида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳуқуқий таъминлаш ишларини яхшилаш, бунда юридик хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари”га бағишланган ўқув семинарлари Сирдарё вилоят адлия бошқармасида бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда адлия бошқармаси томонидан давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шу жумладан ҳуқуқий ишларнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланган юридик хизматнинг ролини ошириш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, қонунларни тўғри қўллаш ҳамда ҳуқуқни тадбиқ этиш самарадорлигини ошириш, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқбузарлик профилактикаси соҳасидаги ваколатлари, иш фаолиятида “Lex.UZ” ҳуқуқий ахборот излаш тизимидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш масалалари ўртага ташланди.
Ўқув семинарида таъкидлаганидек, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини кўтариш, қонунчилик ҳужжатларидан юридик ва жисмоний шахсларнинг кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш, жамиятни ҳуқуқий ахборотлаштириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан LexUz - Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси яратилиб, ҳозирги кунда ушбу ҳуқуқий ахборот излаш тизимида ўзбек ва рус тилларида 34300 га яқин ҳужжатлар жойлаштирилган.
Эътироф этилишича, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид ягона, тизимли ва комплекс ёндашувни таъминлаш мақсадида 2014 йилнинг 15 майида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилиниши мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ижтимоий муносабатларни ягона қонун доирасида ҳуқуқий тартибга солиш имконини бермоқда.
Тадбирда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқбузарлик профилактикаси соҳасидаги ваколатлари юзасидан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юридик хизмати ходимларига батафсил маълумотлар берилди.
Маълумки, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шу жумладан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳуқуқий таъминлаш ишларини яхшилаш, қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, қонунларни тўғри қўллаш ҳамда ҳуқуқни тадбиқ этиш самарадорлигини оширишда ҳуқуқий ишларнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланган юридик хизматнинг ўрни ва аҳамияти жуда муҳимдир.
Ўқув семинарида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳуқуқий таъминлаш ишларини яхшилаш, бунда юридик хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.
Тадбир сўнгида вилоят адлия бошқармаси томонидан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳуқуқий ишларни яхшилаш, қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш, қонунларни тўғри қўллаш ҳамда ҳуқуқни тадбиқ этиш самарадорлигини оширишда бундан буён ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан ўзаро келишиб олинди.