Янгиликлар
Ёш сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан жойларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари, сайловларнинг демократик жамиятни шакллантиришдаги аҳамияти ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирларда сайловчиларнинг сиёсий хуқуқ ва маданиятини юксалтириш, уларнинг давлат ва жамият миқиёсидаги рўй бераётган жараёнларга ўз муносабатини билдира олиш қобилиятини шакллантириш, сайлов қонунчилиги, унда иштирок этиш ва овоз бериш жараёнлари тартиби бўйича маълумотлар берилмоқда.
Жумладан, Янгиер шаҳридаги Академик лицейда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда сўзга чиққанлар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқи эканлигини, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунининг 1-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини мамлакатимиз фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширишлари белгилаб берилганлиги таъкидланди.
Юртимизнинг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиб, ижтимоий келиб чиқиши, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон – бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш таъқиқланганлиги билдирилди.
Қонунга кўра, фақатгина суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилиши, фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмаслиги, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси битта овозга эга эканлиги ҳақида ҳуқуқий тушунчалар берилди.